Бугун ўқиган хабарларим орасида Навальний тўлиқ ўзига келгани ҳақидагиси айниқса кўп ўйлантирди.

Аниқроғи, шу ҳақдаги хабарнинг бир қисми. Хабар беришларича, немис махсус хизматлари энди нафақат Навальнийга қарши жисмоний таҳдидларга, балки бўлажак «дезинформация тўфони»га, хусусан, у даволанаётган «Шарите» клиникасини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракатларга ҳам қарши ҳам тайёргарлик кўрмоқда.

Тушуняпсизми? Немис махсус хизматлари ҳали деярли йўқ таҳдидларга қарши курашиш учун аллақачон тайёргарлик бошлаб юборган ва улар, энг қизиғи, бу таҳдидлар фақат Навальнийга эмас, балки у даволанаётган шифохонага қарши бўлишини ҳам олдиндан тахмин (прогноз) қилиб, шунга қарши чоралар кўряпти. Менимча, тизимли ишлаш, воқеалар ривожини прогнозлаштириш ва шундан келиб чиқиб ишни тўғри режалаштириш деб мана шунақа ҳолатларга айтилса керак.

Шу хатбошини ўқиб, қандайдир бошқа-бошқа оламларда яшашимизни яна бир бор ҳис қилдим. Германия махсус хизматлари клиникага қарши ҳали бошланмаган ахборот хуружини бартараф этиш ҳақида бош қотираётган вақтда, қўрқаманки, мен яшаб турган «бошқа олам»да коронавирус биринчи тўлқини ичидаги «учинчи цунами»га қарши қандай курашиш, одамлар ҳаётини қандай сақлаб қолиш, одамларга қандай ёрдам бериш ҳақида аниқ тасаввур ҳам йўқ.

Бўлса, айтишмасмиди? Ахир бу ҳозир сир сақланадиган махфий маълумот эмас-ку, аксинча, воқеаларнинг турли эҳтимолий ривожи бўйича режаларни ошкор қилиб, аҳолини ҳар қандай ҳолатга ҳеч бўлмаса руҳий тайёрлаб борган мақсадга мувофиқдек кўринади.

Сал чарчадим, балки етказмоқчи бўлган фикримни яхши тушунтириб беролмагандирман. Ҳай, лекин ростдан ҳам чарчадим.