Яқинда бизнинг соҳадан узоқроқ бир танишим сўради:

  • Нега фалон муаммоларни ёзмайсан? Фойда бўлармиди?

Мен жавоб бердим:

  • Буни ёзсам, халққа, сенга эмас, менга озгина фойда бўлади. Мени бирор тадбирга чақиришади, у ерда чой-пой, дастурхон қилиб беришади, мен билан танишиб олишади, камчилик бўлса ўзимизга айтинг дейишади. Муаммо эса ҳал бўлмайди.

Бу гап ҳазил эди, лекин баъзида ёзганимиздан ҳеч қандай фойда йўқ деб ўйлаб қоламан: ё гапимиз манзилига етиб бормайди, ё ўқиган бюрократлар ҳеч қандай эътибор қаратмайди, ҳеч бўлмаганда муносабат билдирмайди. Эътибор қаратишганидан ҳам фойда йўқ аслида – муаммо барибир ҳал бўлмайди.

Хуллас, Янги ҳаёт ва Давлатобод туманлари муборак. Ўзбекистонда ҳеч қачон жойларга нормал, тўғри номлар беришни ўрганишмайдими деб қўрқаман. Бутун мамлакатни Гулистонлар, Нурафшонлар, Бахтободлар, Давлатободлар, Янги турмушлар босиб кетади. Советча дунёқарашдан, ўринсиз дабдабадан воз кечилмас экан, озгина тарихга, анъанага эътибор қаратилмас экан, муҳими, ҳар бир соҳа тепасига мақташни ва мақтанишни яхши кўрадиган бюрократ ўрнига соҳани тушунадиган одам келмас экан, бу давом этаверади. Туссиз, қиёфасиз, бир хил номлардан иборат Янги Ўзбекистонга хуш келибсиз.