Бош прокуратура Кушербаев ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Кечадан буён ижтимоий тармоқларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р. Кушербаев бошида «қора булутлар» айланаётгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маҳаллий тадбиркорларга босим ўтказиб, унга қарши кўрсатма олишга уринаётганига оид хабарлар айланмоқда.

Депутатнинг ўзи ҳам бу масалада тўхталиб, «бу айрим нопок шахсларнинг дунёқараши экани, бўлаётган ишлардан қаттиқ хафалигини» билдирди.

Бош прокуратура матбуот хизмат раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Davr24.uz» сўровига кўра ушбу хабарларга муносабат билдирар экан, депутатга нисбатан прокуратура органлари томонидан қандайдир таъсир кўрсатишга уринилаётганини инкор этди. Бундай асоссиз иддаолар ортидан келиб чиқаётган шов-шувлар жамоатчилик фикрини чалғитиши баробарида холис терговга таъсир қилиши эҳтимолини юзага келтираётганини таъкидлади.

«Р.Кушербоевга нисбатан кўрсатма олиш» учун гўёки «ҳиққилдоғидан олинаётган» тадбиркорларга оид жиноят иши бўйича Ҳ.Шамсутдинов қуйидагиларни маълум қилди.

Таъкидлашича, дастлабки тергов жараёнида айбланувчиларга нисбатан руҳий ёки жисмоний босим ўтказганлик ҳолати бўйича ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган.

Дастлабки тергов ҳужжатларга кўра, Б.Кузиев Янгийўл туманида ташкил этилган «Qo’shyog’och Oltin Fayzli Baliqlari» МЧЖга норасмий равишда раҳбарлик қилиб, (ушбу жамиятга расман раҳбарлик қилиб келган) укаси Ж.Зокиржонов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.12.2018 йилдаги 983-сонли қарори билан тасдиқланган «Фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун кон ажратиш тартиби тўғрисида»ги Низомга зид хатти-ҳаракатлар содир этишган. Низомда кўра, қазиб олинган кенг тарқалган фойдали қазилмалар ва ер ости сувларидан ер участкаси эгаси (фойдаланувчи)нинг хўжалик ёки маиший эҳтиёжлари учунгина фойдаланилиши, фойда олиш мақсадида қазиб олинган фойдали қазилмаларни бошқа корхоналар, ташкилотлар ва фуқароларга сотиш ёки беришга йўл қўйилмайди. 

Бундан ташқари Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг  экспертиза хулосасида – балиқ хавзасини ташкил этиш жараёнида қум-шағални бошқа истеъмолчилар ва корхоналарга фойда олиш мақсадида бериш ва сотиш қатъиян таъқиқланганлиги кўрсатилган.

«Qo’shyog’och Oltin Fayzli Baliqlari» МЧЖни бошқариб келишган ака-укалар юқоридаги талаблар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига (ПҚ-3286-сонли) зид равишда қурилиш қурмаслик шарти билан балиқ боқиш учун сунъий ҳовуз қурилишини лойихалаштириш мақсадида Янгийўл  туманининг Янгиҳаёт массивидан  ажратилган 11,8 гектар ер майдонининг 4,0 гектар қисмидан  (балиқчилик ҳавзасини ташкил этиш мақсадида) қазиб олинган жами 57.218,01 м3 ҳажмдаги қум-шағал аралашмаларини иш ҳақи ва бошқа мақсадларда ҳисоб-китоб қилиш мақсадида ҳудуддан олиб чиқиб кетилишига йўл қўйишган.

Натижада ўзига ишониб топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган давлат ва жамоатнинг қиймати 600 млн. 789 минг 105 сўмлик жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Юқоридагиларга кўра, қўзғатилган жиноят иши доирасида Ж.Зокиржоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Унинг акасига терговдан яширингани сабабли унга нисбатан ҳам айни модда билан айб эълон қилиниб, қидирувга берилган.

Жиноят ишининг Ж. Зокиржоновга тегишли қисми бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.