(биринчи қисм)
Барчамизга маълумки, қиш яқинлашгани сари аҳолининг нормал шароитда яшашга бўлган эҳтиёжи янада ошиб боради. Мана шу эҳтиёжларни таъминлаш ва аҳоли орасидаги муаммоларни жойларда ҳал этиш мақсадида халқ қабулхоналари ташкил этилган эди. Қуйида Фарғона вилояти мисолидаги тадбирлар натижалари билан танишиб чиқамиз.
Аҳоли билан учрашувларда давлат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, Халқ қабулхоналари масъул ходимлари бошчилигида ҳамда (!)20 га яқин вазирлик ва идоралар иштирокида вилоят аҳолиси учун сайёр қабуллар ташкил этилди.
Учрашувларда жами 2 300 нафарга яқин мурожаатчи иштирок этган.
Мазкур вилоятдаги қабуллар давомида энг кўп мурожаат – ички ишлар фаолиятига оид, суд қарорлари юзасидан ва прокуратура органларига келиб тушган. Шунингдек, мазкур қабулларда банк тизими, газ ва электр таъминоти, меҳнат ва бандлик, йўлларни таъмирлаш, уй-жой ва халқ таълими масалаларида ҳам ечимини кутиб турган кўплаб муаммолар кўрилган.
Қишлоқ ҳудудларидаги аҳоли мурожаатларини асосан коммунал хўжалик идоралари фаолиятидан қоникмаслик, тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр таъминоти масалалари ташкил этган.
Қабуллар натижаси ўлароқ, амалга оширилган ишлар сифатида берилган ҳисобот тарзидаги маълумотларда, 395 дона симёғоч янги темирбетон таянчларга алмаштирилганлиги, 20 дона трансформатор пункти ўрнатилганлиги ҳамда тоза ичимлик суви таъминоти бўйича қолоқ ҳудудларда ишлар жадаллашиб, сув қувурлари тармоқлари тортилгани айтилган. (бироқ қаерга қанча масофалиги келтирилмаган)Хонадонларга 1 000 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиб, 6 та ижтимоий соҳа объекти табиий газ тармоғига уланганлиги бўйича маълумотлар келтирилган.
Йўлларни таъмирлаш бўйича эса 2,5 млрд. сўм маблағ ажратилиб, натижада 18 км йўл таъмирланган, 2 км йўл асфальтлаштирилган, 6 км йўл шағал билан қопланган, 11 км йўл жорий таъмирланган.
Шу билан бирга, 12 та тадбиркорлик субъектига 4 млрд. сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилган.
Бу кўрсаткичлар яхши албатта. Бироқ, соғлиқни сақлаш йўналиши бўйича кўрилган натижалар сифатида 35 нафар фуқарога даволаниш учун ордер берилганлиги ҳамда 8 нафар фуқарога ногиронликка чиқиш учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик тайинланганлиги ҳам кўрсатиб ўтилган. Бундай майда ва тор доирадаги (оддий оилавий поликлиникаларда) кўриб чиқилиши белгиланган тартиблар ҳам сайёр қабулларни кутмасдан жойида ҳал қилиниши мумкин эмасми?
P.S. юқорида энг кўп мурожаат – ички ишлар фаолиятига оид деб айтган эдик мазкур йўналиш бўйича натижалар очиқланмаганлиги учун маълумотлар келтира олмадик.