Алмазбек Атамбaев озод этиладими?

Қирғизистоннинг собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоев билан боғлиқ воқеликлар жуда чигаллашиб кетди. Аввал уни 11 йил икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Жиноий гуруҳ раҳбари Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний озод этилиши билан боғлиқ иш юзасидан!

Бу ишнинг қисқача тафсилоти шундай: 2013 йил апрелда “қонундаги ўғри” — Азиз Батукаев оғир лейкоз касаллиги ташхиси билан Норин вилоятидаги қамоқхонадан озод қилинган ва Чеченистонга даволаниш учун махсус самолётда жўнаб кетган.

Орадан кўп ўтмай, берилган тиббий гувоҳнома сохта эканлиги маълум бўлган ва бу ишга маъсул расмийлар устидан жиноий иш очилган. Бироқ, номаълум сабабларга кўра, жиноий иш тўхтатилган.

Алмазбек Атамбаев 2019 йилнинг августида айни шу иш юзасидан порахўрликда айбланиб, Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида қуролли тўқнашув натижасида ҳибсга олинган.

Аммо жорий йилнинг 6 октябрга ўтар кечаси Бишкекда юз берган тартибсизликлар пайтида намойишчилар томонидан қамоқдаги қатор сиёсатчилар билан биргаликда собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам озод қилинганидан хабарингиз бор. Бироқ орадан икки кун ўтиб, у ҳибсга олинган ва яна қамоққа қайтарилган.

Бугунги хабарлар эса қуйидагича: “Би-би-си”нинг ёзишича, Қирғизистон Олий суди жиноий гуруҳ раҳбари Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний озод этилиши бўйича ҳукмларни бекор қилган.

Собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев адвокати Замир Жоошевнинг маълум қилишича, жиноий иш Биринчи Май туман судида қайта кўриб чиқилади.

“Олий суд ҳайъати Азиз Батукаевни қамоқдан озод этилиши бўйича ишни кўриб чиқди. Суд мажлисида биз, Алмазбек Атамбаевнинг адвокатлари қуйи судларнинг ҳукмларини бекор қилиш ва ишни биринчи инстация судига қайта кўриб чиқиш учун юборишни сўрадик. Илтимосимиз қаноатлантирилди ва энди иш янги таркибда Биринчи Май туман судида кўриб чиқилади”, дейди адвокат ўзининг Facebook саҳифасида.

Ушбу маълумотни Олий суд ҳам тасдиқлаган.

Бугунги кунда экс-президент Алмазбек Атамбаев Бишкекдаги 47-сон aхлоқ тузатиш муассасасида қамоқ жазосини ўтамоқда.

@platformauzb