Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ташқи савдо айланмаси

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар кенгайиши драйвери – ҳаракатлантирувчи кучи савдо-сотиқ ва иқтисодий соҳа бўлиб турибди. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шеригига айланди ва шу мавқени сақлаб қолаётир. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, республиканинг Хитой билан 2019 йилдаги ташқи савдо айланмаси 7,62 миллиард АҚШ доллари бўлди. Ҳозирча Хитой савдо ҳажми бўйича Россиядан бир оз олдинда бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 16,8 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда. Ундан кейин Россия (14,8 фоиз), Қозоғистон (7,3 фоиз), Корея Республикаси (5,8 фоиз), Туркия (5,2 фоиз), Қирғизистон (2,4 фоиз) ва Германия (2,1 фоиз) бормоқда.

Ўзбекистоннинг Хитойга экспорти ортмоқда, бироқ экспортнинг асосий қисмини ҳозирча стратегик хом ашё: табиий газ, уран, мис, пахта ва минерал ўғитлар ташкил қиляпти. Ушбу товарлар орасида энг муҳим ўринни табиий газ эгаллайди, Табиий газ бўйича 2011 йилда имзоланган икки томонлама олди-сотди шартномага кўра, ХХРга уни етказиб бериш 25 йилга мўлжалланган.

Ўтган йил октябрида Ўзбекистонда Хитойнинг “Alibaba” савдо платформасини давлат рўйхатидан ўтказиш соддалаштирилган эди. Ўзбекистоннинг бир қандолатчилик компанияси ушбу платформа билан биринчилардан бўлиб 3 миллион АҚШ долларилик экспорт шартномасини имзолади.

Савдо-сотиқ алоқаларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил октябрида Ўзбекистон Гуанчжоу шаҳрида бош консуллигини очди. У Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги бундай шаклдаги иккинчи ваколатхонасидир, илк ваколатхона Шанҳай шаҳрида фаолият кўрсатмоқда. Томонлар бош консуллик очилиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тараққиётига қўшимча туртки беришини, Ўзбекистон вилоятлари билан Хитойнинг жанубий вилоятлари ўртасидаги товар айланмаси ошишини кутмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент (Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳам шу қаторда) Пекин билан Ўзбекистонда коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини ўтказиш тўғрисида келишиб олди. Музокара вақтида қайд этилишича, клиник синовлар муваффақиятли якун топган тақдирда Ўзбекистон вакцинани ўз муддатида ва арзон нархда сотиб олиш учун устуворликка эга бўлади.