Абдулла Арипов Қозоғистондаги сув босган қишлоққа борди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов қозоғистонлик ҳамкасби Асқар Мамин билан Туркистон вилояти Мақтаарал туманидаги Мирзакент посёлкасига борди.

Ҳукумат раҳбарлари Мақтаарал туманининг сув босган ҳудудларини кўздан кечирди, шунингдек, тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Мақтаарал туманининг маъмурий маркази — Мирзакент қишлоғида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Бош вазирлари янги микрорайон қурилишининг режаси билан танишиб, биринчи тураржой биноларининг пойдеворини қўйиш маросимида иштирок этдилар.

Мирзакент посёлкасида тошқиндан жабр кўрган Зенис, Жанатурмис ва Достик аҳоли пунктларида 500 оилалар учун якка тартибдаги тураржойлар, мактаб, болалар боғчаси ва ўрта тиббиёт марказларини қуриш режалаштирилган. Қурилиш ишлари Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси мутахассислари томонидан биргаликда амалга оширилади.