«Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги лойиҳалари натижадорлиги бўйича маълумот берди

2018 йил Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ташкил қилинган эди.

Ташкилот матбуот хизмати жамғарма ташкил қилинганига деярли 3 йил тўлиши муносабати билан, сайтимизга ўз фаолияти юзасидан ҳисоботини тақдим этди.

Унда айтилишича, ўқувчилар ташкилотнинг ўтган даврдаги фаолияти билан танишиши ҳамда ёшлар жамғарма лойиҳалари билан ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлаши мумкин.

Жамғарма ҳисоб-китобларига кўра, 2018-2020 йиллар давомида ёшларнинг 8 635 та бизнес лойиҳаларига жами 1 трлн. 830 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 42 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Жумладан, ҳисобот йилларида:

  • Давлат дастури доирасида ишлаб чиқариш соҳасида 841,8 млрд. сўмлик 3 987 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 658,8 млрд. сўмлик 3 123 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 329,4 млрд. сўмлик 1 521 та лойиҳа реализация қилинди.
  • Кредит олиб ўз фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар томонидан 4 млн. 630 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинишига эришилди ҳамда ушбу ёш тадбиркорлар томонидан давлат бюджетига йилига ўртача 100 млрд. сўмга яқин солиқлар кўринишидаги тушумлар амалга оширилди.
  • Шунингдек, Давлат дастури доирасида ёшларнинг жами 28,8 млрд. сўмлик 56 та лойиҳаларига Жамғарма кафиллиги тақдим этилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашларига кўмаклашилди.

Матбуот хизмати ахборотига кўра, охирги 2 йилда ҳудудларда жами 19 та «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ҳамда 202 та «Yoshlar mehnat guzari» комплекслари фойдаланишга топширилган ва уларда жами 2 380 та янги иш ўринлари яратилган.

Ёшларнинг тадбиркорлик борасидаги билимларини ошириш борасида

Жойларда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларнинг билимларини ошириш мақсадида малакали мутахассислар томонидан 3 180 та бизнес семинарлар ташкил этилиб, улар орқали 182 612 нафар ёшлар қамраб олинди.

Давлат дастури доирасида барча туман (шаҳар)ларда имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар маҳсулотларининг савдо ярмаркалари ташкил этилиб, уларда 36,5 минг нафарга яқин тадбиркорлик фаолиятига қизиққан ёшлар жалб қилинди.

Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 43 минг нафар ёшларнинг ҳудудлардаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарга 1 402 маротаба бизнес саёҳатлари ташкил этилди.

Шунингдек, 2018-2019 йиллар давомида Тошкент шаҳридаги «Ёшлар ижод саройи»да «Ёш тадбиркорлар» I ва II Форумлари ўтказилиб, унда ёш тадбиркорлар томонидан чет эллик ҳамкорлар билан 5,8 млн. АҚШ доллари ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан 3,4 млрд. сўмдан ортиқ шартномалар имзоланди.

Бундан ташқари, «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси томонидан Ҳар бир оила тадбиркор, ҳунармандчиликни ривожлантириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш каби дастурлар орқали ёшларнинг 81 млрд. сўмлик лойиҳаларини молиялаштириш чоралари кўрилди.

Хитойнинг «China campus network» нодавлат таълим агентлиги, «Alibaba business school», «Great wall consulting» компаниялари билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда электрон тижорат истиқболи» мавзусида онлайн бизнес форум ташкил этилди.

Бизнес форумда «China campus network» нодавлат таълим агентлиги асосчиси, alibaba.com экотизими ҳамкори Жоу Янг, «China campus network Uzbekistan» маркетинг директори, «LeBazar» интернет дўкони директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Давлат Солиқ қўмитаси, Давлат Божхона қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Жорий йил 24-28 август кунлари «Digital Generation Uzbekistan» ННТ билан ҳамкорликда «Raqamli avlod – 2020» онлайн оромгоҳи ташкил этилди. Онлайн оромгоҳда 3 794 нафар ёшлар иштирок этиб, веб дастурлаш, мобил дастурлаш, медиа ва рақамли маркетинг, дизайн, фриланс, робототехника, дизайн соҳалари бўйича билимини ошириб махсус сертификат билан тақдирланди.

Онлайн оромгоҳ давомида Питер Вестербака (Angry Birds ўйини асосчиси), Эмад Эхсан (“Google” ривожлантириш эксперти) ҳамда Ўзбекистонлик мутахассислар Бобур Акилханов ва Шахзод Долимовлар иштирокида онлайн маҳорат дарслари ташкил этилиб, маҳорат дарсларида 10 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этди.

Ёшларнинг стартап ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш йўналишида

Ҳисоботда таъкидланишича, «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ёшларнинг стартап ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ёшларга стартап лойиҳани ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ қилиш мақсадида ҳам қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

«Бу борада «Стартап ташаббуслар» дастури ёшларнинг катта қизиқишларига сабаб бўлди.

Ушбу дастурга www.startupinitiatives.uz сайти орқали 905 та онлайн ариза келиб тушди», – дейилади маълумотда.

  • Саралаш босқичидан ўтган 447 та стартап жамоалар лойиҳанинг интервью босқичида иштирок этди. Тажрибали экспертлар иштирокида ўтказилган лойиҳанинг интервью босқичидан муваффақиятли ўтган 255 та жамоа акселерация дастурида иштирок этиб, ўз лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш имкониятига эга бўлди.
  • Дастур якунида ғолиб бўлган 40 та стартап лойиҳаларга
    50 млн. сўмдан жами 2 млрд. сўм (шундан, 1 млрд. сўм Жамғарма, 1 млрд. сўм БМТнинг Тараққиёт Дастури маблағлари ҳисобидан) грант маблағи ажратилиши режалаштирилган.
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Андижон вилоятидаги ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган «Unicorns» лойиҳаси амалга оширилди.

«Unicorns» лойиҳасига стартап жамоалари томонидан 466 та онлайн ариза келиб тушди, ушбу лойиҳаларнинг 215 таси дастлабки саралаш босқичидан ўтиб, лойиҳанинг интервью босқичига йўлланмани қўлга киритди.

“Unicorns” лойиҳасининг интервью босқичидан муваффақиятли ўтган 69 та стартап лойиҳалар жамоаси акселерация дастурида иштирок этди. Тажрибали менторлар ва треккерларни жалб қилган ҳолда жорий йил 28 сентябрдан 11 октябрга қадар 69 та стартап лойиҳалар жамоаси билан акселерация дастури ташкил этилди.

“Unicorns” лойиҳасининг финал босқичи (Demo day) жорий йил 23 ноябрда Андижон шаҳридаги “Digital city” технопаркида ташкил этилиб, акселерация дастуридан муваффақиятли ўтган 25 та жамоа ўз лойиҳасини тақдимот қилди.

Лойиҳада ғолиб деб топилган 15 та истиқболли стартап лойиҳага 1,8 млрд.сўм мақсадли грант маблағи ажратилди.

 Ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида

  • Тадбиркорлик йўналишлари бўйича бизнес бошлаш ва даромад олишгача бўлган жараённи ўргатувчи масофавий bizneskurs.uz онлайн платформаси яратилди.
  • Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети ва Бухоро давлат университети қошида талабаларни тадбиркорликка ўргатиш, уларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида “Бизнес акселератор” ташкил этилди. Келгусида барча олий таълим муассасаларида босқичма-босқич ташкил этиб борилади.
  • Ёшларни инновацион, стартап ғоялар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилишга ундаш, орзу-истакларини рўёбга чиқаришга туртки бериш мақсадида «Келажакни бирга яратамиз!», «Уйғонмоқ фурсати етди», «Стартап ташаббуслар», мавзуларида мотивацион роликлар ишлаб чиқилиб, телеканаллар ва ижтимоий тармоқларда оммалаштирилди.
  • Ёшларга ўзининг турмушини яхшилаш, касб-ҳунар ва бизнес билан шуғулланиш орқали даромад топиш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатишга қаратилган видео материаллар ва дарсликлар, мотивацион роликлар, электрон бизнес китоблар, аудио китоблар, тадбиркорлик соҳасидаги имтиёзлар каталоги, бизнес режа намуналари, томорқадан самарали фойдаланиш бўйича қўлланмани ўз ичига олган @biznesga_qadambot телеграм бот фаолияти йўлга қўйилди.