Шерзод Кудбиев Давлат солиқ қўмитаси раиси, Беҳзод Мусаев эса бош вазир ўринбосари этиб тайинланади

Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Кудбиев Давлат солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов маълум қилди.

Бурҳоновнинг таъкидлашича, шу вақтгача Давлат солиқ қўмитаси раислик қилиб келган Беҳзод Мусаев Ўзбекистон бош вазирининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

“Айни пайтда сиёсий партиялар фракциялари томонидан ҳукуматдаги янги тайинловлар масаласи кўриб чиқилмоқда. Ушбу номзодлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 13 май бўлиб ўтадиган ялпи мажлисида маъқулланиши кутилмоқда”, — дейилади депутат Бурҳонов қолдирган хабарда.

Қонунчиликка кўра, парламент томонидан маъқулланган ҳукумат аъзоси номзоди Ўзбекистон Президенти томонидан тайинланади.