Иван Ургант мигрантларни ҳақорат қилиши қирғизистонликларни ғазабга солди

Россия оммавий ахборот воситаларининг Москвадаги қирғиз ишчи-мигрантлари жамоасини обрўсизлантиришга қаратилган сўнгги уриниши қирғизистонликларнинг ғазабини келтириб чиқарган.

30 апрель куни Кремль назоратидаги “Биринчи канал” телеканалининг “Вечерний Ургант” кўрсатуви бошловчиси Иван Ургант Россиянинг «Союзмултфилм» киностудияси машҳур совет мултфилми қаҳрамони Чебурашка учун берилган муаллифлик ҳуқуқларини қайтариб олиш ниятида эканлигини айтган.

Япон компанияси бу ҳуқуқларни 16 йил олдин сотиб олган ва уларга 2023 йилга қадар эгалик қилади, деб хабар берган ТАСС апрель ойида.

Агар японлар муддатидан аввал бу ҳуқуқлардан воз кечишса, Токио бунинг эвазига “Курил оролларини талаб қилиши мумкин”, деб ҳазилини давом эттирган Ургант.

Курил ороллари – Россия ҳам, Япония ҳам даъвогарлик қилаётган баҳсли ҳудудлардир.

Қизил армия урушнинг сўнгги кунларида ороллар занжирини истило қилгани сабабли, Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейин Совет Иттифоқи билан тинчлик шартномасини имзоламаган эди. Барча ороллар ҳанузгача Россия назорати остида қолмоқда.

Ургант битим учун бошқа шартларни таклиф қилган.

“Сиз бизга Чебурашкани берасиз, биз эса сизга Москвадаги япон ресторанларининг официантларини қайтарамиз”, деди у қирғизистонлик меҳнат муҳожирларини назарда тутиб.

“Шу тариқа биз иккита хайрли иш қилган бўламиз – Чебурашкани ўз ватанига қайтарамиз ва Қирғизистон аҳолисининг ярми ниҳоят Токиони кўришади”, деди Ургант киноя билан.

Бу гаплар уйларига қайтган қирғизистонликлар учун кулгили бўлмади.

«Камситиш»

Ургант ноўрин ҳазил қилди, дейди Миллий тасвирий санъат музейининг собиқ директори, бишкеклик Мира Жангарачева.

“Қирғизлар ўз оиласини боқиш учун ҳалол меҳнат қилмоқда, буям етмагандек шу каби одамларнинг ҳақоратига чидаши керак”, деди 15 йил давомида БМТ Тараққиёт дастурида ишлаган Жангарачева.

“Бундай ҳазилларни ўйлаб топадиганлар крепостнойлик ҳуқуқи бекор қилинмаган деб ўйлайдилар, шекилли”, деб ёзади Твиттер фойдаланувчиси Умай Арикова.

Россия телебошловчисининг сўзларида яққол ирқчилик аломатлари бор, деди Қора-болтада яшовчи Сағинбек Жаманбаев.

“Бундай телебошловчилар омма фикрга таъсир қила оладилар ва бизга нисбатан негатив муносабатни шакллантирадилар. Ургант ҳамкасби Малахов сингари гапирган гаплари учун узр сўраши керак”, деди Жаманбаев.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида «Россия-1» давлат телеканалининг “Жонли эфир” кўрсатувчи бошловчиси Андрей Малахов ҳеч қандай далиллар келтирмай, Москвада ишлаётган қирғизистонлик такси ҳайдовчиси Исломбек Акбаров Россия фуқаросини ўлдириш учун ёлланганини айтган эди.

Ўтган июль ойида Москва марказида россиялик олигарх Владимир Маруговнинг ўғли Александр Маругов минган мотоцикл катта тезликда қирғиз фуқароси бошқарувидаги таксига бориб урилиши оқибатида россиялик ҳалок бўлган эди. Тергов натижасида Малаховнинг айбловлари ўз тасдиғини топмаган.

Январь ойида Акбаров ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисасидаги иштироки учун икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар берган 24.kg нашри Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонасига таяниб.