Қирғизистон Президенти Москвага таклиф қилинганидан кейин масофадан ишлашга ўтди

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров яқинлашиб келаётган халқаро тадбирлар муносабати билан масофавий иш режимига ўтди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

“Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров илгари режалаштирилган халқаро тадбирлар муносабати билан давом этаётган кескин эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб, вақтинча узоқдан ишлаш режимига ўтди”, дейилади хабарда.

Матбуот хизмати қандай халқаро тадбирлар ҳақида гап кетаётганлигига аниқлик киритмади. Эслатиб ўтамиз, 10 май куни Жапаров ва Россия президенти Владимир Путин май ойининг охирида Москвада учрашишга келишиб олгани ҳақида хабар берилган эди.

Томонлар икки томонлама ҳамкорлик ва Евросиё иқтисодий интеграцияси, шунингдек, КХШТ, МДҲ ва ШҲТ доирасидаги минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилмоқчи. Кремль матбуот хизмати, шунингдек, Жапаров Путиннинг Россияга ишчи ташриф билан келиш таклифини қабул қилгани ҳақида хабар берган.

Сентябрь ойида “Проект” нашри Путин билан учрашувдан олдин ҳар ким икки ҳафталик карантиндан ўтиши шарт деб ёзган эди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков нашрни шарҳлар экан, “кимдир икки ҳафталик, кимдир бир неча кунлик карантиндан ўтмоқда, кимдир эса умуман карантинсиз учрашмоқда”, деб маълумот берганди. Унинг сўзларига кўра, изоляция муддати инсоннинг графиги ва эпидемиологик вазиятга боғлиқ. Апрель ойида Путин билан учрашувдан олдин Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўзини изоляция қилганди.

Апрель ойида Путин COVID-19 вакцинасининг иккинчи дозасини олганди. Бир неча ҳафта ўтгач, у антикор текширувини ўтказди, натижада позитивлик даражаси 15 қайд этилган. “Шифокорлар айтишича, бу яхши натижа”, – дея қўшимча қилди давлат раҳбари.