Социология: Социализм қайтмоқда

Ёш америкаликлар социализмни танлайди – 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган америкаликларнинг 51% социализмга ижобий қарашмоқда, деб хабар бермоқда Axios.

Axios томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра Қўшма Штатлар социализмга интилмоқда. 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган америкаликларнинг 51 фоизи социализм тўғрисида ижобий фикрда. Ушбу ёш гуруҳида 46 фоиз фуқаролар капитализмга салбий муносабатда эканлиги қайт этилган. “Пандемия америкаликларни, шу жумладан кўплаб ёш республикачиларни сиёсий ва иқтисодий қарашларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Бу, эҳтимол, иккита омилга боғлиқ: чуқур ижтимоий тенгсизликка эътибор кучайиши ва ҳукуматнинг аралашувидан сезиларли фойда”, – деди Axios шарҳловчиси Феликс Салмон.

18 ёшдан 34 ёшгача бўлган республикачилар ва унинг тарафдорларининг 66 фоизи капитализмга ижобий муносабатда бўлиб, 2019 йил январь ойида 81 фоизни ташкил этган эди. 56 фоиз ёш республикачилар ҳукумат бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқни камайтиришга қаратилган сиёсатни амалга ошириши керак, деб ҳисоблайди.

Z авлод (18-24 ёш) орасида 42 фоиз капитализм тўғрисида ижобий фикр билдирган бўлса,  54фоиз салбий фикрда. Социализмни миллий миқёсда қабул қилиш шубҳали бўлсада: америкаликларнинг 41 фоизи ўзларининг ижобий фикрлари ҳукуматнинг кейинги қабул қиладиган қарорларига таъсир кўрсатишига ишонади. Социализмга қаршилар эса 52 фоизни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, америкаликларнинг аксарияти ҳали ҳам капитализмни ижобий баҳолайди – 57 фоиз, капитализмга салбий муносабатда бўлганлар эса 36 фоизни ташкил этмоқда.