Хитойнинг “имтиёзли қарз” дипломатияси!?

Қирғизистон: Март ойи ҳолатига кўра, ташқи қарзи 5 миллиард долларни ташкил этган, унинг катта қисми (40% дан кўпроғи) Хитойнинг Эксимбанкига тегишли, деб хабар беради мамлакат молия вазирлиги.

2020 йилда пандемия Қирғизистон ялпи ички маҳсулотига жиддий зарба берди. Инқироз сабабли Қирғизистон қарзларини тўлай олмай қолди.

Ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли келиб чиққан иқтисодий қийинчиликлар сабаб Қирғизистон ҳукумати бир неча бор Хитойдан кредит шартларини енгиллатишни, жиллақурса тўлов муддатини узайтириб беришни сўраган.

Қарийб бир йил давомида бу илтимосларни эътиборсиз қолдириб келган Пекин ниҳоят ноябр ойида 2020 йил учун тўловни келаси тўрт йилга бўлиб беришга рози бўлди, аммо бу «имтиёз» эвазига қарзга яна 2 фоизлик устама қўшди.

«Хитойдан олинган қарзларни вақтида қисман қайтара олмасак, кўп объектларимизни йўқотамиз», деган эди Қирғизистон президенти Садир Жапаров 13 феврал куни Кабар агентлигига.

Хитой тендерларнинг хитойлик компанияларга берилиши шарти билан Қирғизистонга йўллар, энергия инфратузилмаси ва фабрикалар қуриш учун кредит тақдим этган.

2018 йил бошида Бишкекда хитойлик компания тарафидан модернизация қилинган электр станцияси ишдан чиқиб, 20 даража совуқда бишкекликларни иссиқликсиз қолдирган эди.

Яна бир можароли ҳолат Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғи бўйлаб чўзилган 104 км узунликдаги автомобил йўли қурилиши билан боғлиқ.

Хитойнинг «Longhai Road and Bridge Corporation» компанияси 2015 йил охирида автомагистрални қуриш бўйича тендерда ғолиб бўлган. Қурилиш 2017 йилда якунланиши керак эди, аммо узоқ йилларга чўзилиб кетди. 2019 йилда ишчилар компаниянинг маош тўламаётганидан шикоят қилган эдилар.

Автомагистралнинг тахминан 20 километрлик участкаси ҳозирга қадар битмаган, тугалланган қисмининг юзасида эса ёриқлар пайдо бўлмоқда.

Тожикистон ҳам хавф остидаги мамлакатлардан биридир.

2018 йилнинг баҳорида у «Душанбе-2» электростанциясининг модернизацияси бўйича 330 миллион долларлик қарзни тўлаш учун Сўғд вилоятидаги Юқори Қумарг олтин конини 50 тонна олтин захираси билан Хитойга берган.

«Тожикистон қарз туфайли Пекинга қарам бўлиб қолди», деган эди душанбелик ҳуқуқшунос олим Ш.Ҳакимов EurAsia Daily билан суҳбатда. Шу сабабли, расмийлар қарзларни тўлай олмасликларини англаб, Хитойнинг таклифига рози бўлишди ва унга олтин конини топширишди», деди у.

Бу орада Қозоғистон қишлоқ хўжалиги ерларини чет элликларга сотишни тақиқловчи янги қонун билан воқеаларнинг шу каби ривожига йўл қўймаслик чораларни кўрмоқда. 13 май куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатга нисбатан Хитойнинг ҳудудий тажовузи ва инвестициявий режалари борасидаги хавотирларни тасдиқловчи қонунни имзолаган.