Афғон қочқинлари яна Бишкекда намойиш ўтказди

Афғонистондаги воқеалар кескинлашар экан, Қирғизистонда яшаётган афғон қочқинлари ўзларини тезроқ учинчи бир давлатга чиқариб юборишни талаб қилган. Сўнгги икки ҳафтанинг ўзида учинчи бор намойишга чиқишган.

Устма-уст намойишга чиқаётган ўттизга яқин қочқин бу сафар яна Бишкекдаги БМТ ваколатхонаси биноси ёнида йиғилган.

Улар ўзларининг АҚШ, Канада ёки Европа давлатларига киришларига рухсат берилиши ва бунинг учун керакли ҳужжатларнинг расмийлаштирилишини талаб қилган.

Намойишчилар сўзларига кўра, қочқинлар орасида охирги 20 йил давомида Қирғизистонда расмий мақомсиз яшаётганлар ҳам бор.

Улар маҳаллий журналистларга намойиш ўтказаётган афғон қочқинлари билан на қирғиз расмийлари ва на хориж давлат элчихоналари вакиллари учрашганлигини айтган.

24.kg интернет нашри улардан бирининг, “Мен етти йилдан бери Қирғизистонда яшайман, лекин ишлаш учун рухсатнома ҳам ололмайман. Агар расмийлар ҳужжатларимизни қонунийлаштиришни хоҳлашмаса, бизни Европа мамлакатлари ёки АҚШга юборишсин. Бу бизнинг тўртинчи акциямиз, саволларимизга ҳеч ким жавоб бермаяпти. Биз жавоб олмагунимизча, йиғилишда давом этаверамиз”, – деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Бу афғон қочқини, шунингдек, Қирғизистонда яшовчи Афғонистон фуқаролари ҳужжатларидаги муаммолар туфайли ўз ватанига депортация қилинишларидан хавфсирашларини ҳам айтган.

Тинч норозилик намойишини милиция ходимлари назорат қилиб туришган.

Афғон қочқинлари 19 август куни АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси олдида ҳам митингга чиқишган эди.

Ундан аввал эса, БМТнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси ёнида йиғилишган.

Намойишчилар ўзларига Қирғизистон фуқаролигининг берилиши ёки бошқа давлатга чиқариб юборилишларини талаб қилиб келадилар.

Бироқ қирғиз расмийлари бу масала юзасидан ҳалича бирор бир баёнот беришмаган.

Расмий маълумотга кўра, бугунги кунда Қирғизистонда қочқинлик мақомини олган 73 нафар афғонистонлик яшайди ва яна 67тасининг аризаси кўриб чиқилмоқда.

 Виза чекловлари

Жорий йилнинг 23 августидан бошлаб Қирғизистон Афғонистон фуқароларига виза беришга чекловлар қўйган.

Қирғизистон Ташқи Ишлар вазирлигига кўра, бу чора-тадбирлар Афғонистон Ислом Республикасидаги беқарор ҳарбий-сиёсий вазият сабаб, шунингдек, исталмаган шахс ва қочқинларнинг Қирғизистон ҳудудига оммавий кириб келишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

“Афғонистонлик талабалар учун Қирғизистонга виза бериш масаласи тасдиқланиш босқичида”, дейилади вазирлик баёнотида.

Шу билан бирга, чекловлар дипломатик ва хизмат визаларини беришга тааллуқли эмаслиги қайд этилган.

Аввалроқ Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон маҳаллий таълим муассасаларида ўқиган Афғонистон фуқароларига виза бериш ва мамлакат олий ўқув юртларида ўқишни истаган 500 афғон ёшларини қабул қилишга тайёр эканликларини билдирганди.

Америка Қўшма Штатлари Қирғизистоннинг Афғонистон фуқароларига талабалик визаларини бериш ҳақидаги қарорини ижобий баҳолаган ва 150 нафаргача афғон талабасининг Бишкекда жойлашган Марказий Осиёдаги Америка Университетида ўқишини молиялаштиришга тайёрлигини маълум қилган.

 Эвакуация ишлари

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, шу кунгача Афғонистондан 24 нафар қирғизистонлик эвакуация қилинган.

“Қирғизистон ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги музокаралар натижасида 18 август куни Қозоғистон томонининг махсус учоғи билан 15 қирғизистонликни Олма отага эвакуация қилиш тўғрисида келишувга эришилди”, дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, эвакуация қилинган шахслар Бишкекка олиб келинган.

Аввалроқ Америка томони ташкиллаштирган бортда яна тўққиз қирғиз фуқароси Афғонистондан Қатарга олиб кетилган. Улар кейин Доҳа-Дубай-Бишкек рейси билан Қирғизистонга етказилган.

Афғонистонда қолган Қирғизистон фуқаролари дипломатик ваколатхона биносида хавфсиз экани ва яқин орада уйларига қайтарилиши қўшимча қилинади баёнотда.

Афғонистондаги вазият 2021 йил баҳорида америкалик қўшинлар чиқарилиши эълон қилинганидан кейин кескинлашган.

“Толибон” ҳаракати Афғонистон армиясига қарши ҳужум бошлаб, 15 августда бутун мамлакат бўйлаб назорат ўрнатган.

Президент Ашраф Ғани эса мамлакатни тарк этган.