Юнус обод деҳқон бозорини Қўйлиқ бозори тақдири кутмоқдами?

“Алоқабанк”нинг қандайдур “хорижий” инвестор билан Юнусобод деҳқон бозори ўрнида 8 қаватли мажмуа қуриши Ўзбекистонда мулк ҳуқуқи қанақа абгор ва аянчли ҳолга келиб қолганини ҳам кўрсатади.

Эътибор беринг, бозорни 8 қаватли қилиб қайтадан қуриш таклифи бозорнинг ўзидан эмас, унга умуман алоқаси йўқ “Алоқабанк” ва номи аниқ бўлмаган инвестордан чиқмоқда. Маълумот учун, Юнусобод деҳқон бозори Акциядорлик жамияти ҳисобланади. Масалан, кеча бўлиб ўтган умумий йиғилишда, қандайдур 8 қаватли бозор масаласи, қанақадир “Алоқабанк “ва унинг “хорижий шериги”нинг таклифи кун тартибида бўлмаган. Айтгандек, Юнусобод деҳқон бозори “Алоқабанк”дан каррасига рентабеллироқ (фойдалироқ) жамият ҳисобланади. Очиқ айтадиган бўлсак, минглаб инсонларни қозони шу бозор орқали қайнамоқда.

Тасаввур қилинг, кичкина бўлсада, уйингиз ё дўконингиз бўлса-ю, шу уйингиз ўрнида қанақадир банк ва шотир “инвестор” келиб, кўп қаватли сарой қураман деб турса.

Нормал, дордан қочмаган, репутацияси бор инвестор шундай қиладими? Яъни “хорижий”муш. Номи борми ўша инвесторнинг? Нега уяласизлар айтишдан?

Эҳтимолки, бу 8 қаватли бозор лойиҳаси қарийб 5 гектар ерни эгаллаб олиш йўлидаги дастлабки қадам холос. Бу йўлда, мулкчилик ҳуқуқига ҳам, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг оддий талаблари ва процедураларига ҳам тупуриб қўйилаверади.

Бир ой аввалги кейс, “Қўйлиқ бозори” акциядорлари бозорнинг ихтиёрий тугатилишига қарши бўлишганига қарамай, бозорни тугатворишгани каби иш тутилади, масалан.

Ўзи “Юнусобод деҳқон бозори” АЖ мулки ўрнида қонунларни бузмасдан 8 қаватли мажмуа қурилиши мумкинми?

Албатта, мумкин. Бунинг учун ё “Юнусобод деҳқон бозори” АЖнинг ўзи акциядорлари қарори билан ўз ёки қарз маблағлари ҳисобига бу лойиҳани амалга ошириши мумкин. Ёки бўлмасам, “Юнусобод деҳқон бозори” АЖнинг улуши ва мол-мулки, ер майдони бозор баҳосида баҳоланиб очиқ аукционга чиқарилиши варианти ҳам бор. Бу аукционда “Алоқабанк” ва унинг “хорижий” шериги ҳам иштирок этиши ва очиқ савдода мусобақалашиб, ғолиб бўлса, оши ҳалол бўлсин. Қурсин ўша сотиб олинган майдонга 8 қаватли мажмуани. Ҳисобга олиш керакки, шу бозор ҳудудида бир сотих ер 50 минг доллардан кам эмас, демак, бозор ўрни ер майдонининг ўзи камида 25 млн.доллар туради.

Дарвоқе, ер майдонларини атайин қолдирилган лазейкалар орқали эгаллаб олишга чек қўйиш вақти етмадими? Балки фақат дўстлар ва чўнтаклар фойдаланаётган тирқишларни ёпармиз ва ерни фақат очиқ аукционларда сотармиз? Бюджетимиз тешилиб ётган вақтида айни керакли қадам бўларди.

Отабек Бакиров