Россиянинг COVID-19 га қарши “Sputnik V” вакцинаси Ўзбекистонга етказиб берилди. Мазкур намуналар вакцинани мамлакатда рўйхатдан ўтказиш ва саноат даражасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун зарур бўлган синовлар учун тақдим этилган.
Намуналарини Тошкентга Россиянинг саноат ва савдо вазири Денис Мантуров олиб келди, деб хабар бермоқда Россия Федерацияси саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
“Намуналар Ўзбекистон ҳудудида вакцинани рўйхатдан ўтказиш ва саноат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун зарур бўлган синовлар учун Ўзбекистон томонига ўтказилди”, дейилади хабарда.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сентябрь ойида Россиянинг тўғридан-тўғри инвестиция жамғармасига (РТИЖ) “Sputnik V” вакцинасини 5 минг дозасини ажратиш тўғрисида мурожаат қилган. РТИЖ нинг ўзи “Лахисам” фармацевтика компанияси билан Ўзбекистонга 35 миллион доза “Sputnik V” вакцинасини етказиб бериш тўғрисида келишувга эришганлигини маълум қилганди.
“Sputnik V” – N.F.Gamaleya маркази ва Россия мудофаа вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган COVID-19 га қарши икки векторли вакцина бўлиб, препарат ишлаб чиқувчилари вакцина самарадорлигини 95% га баҳолашган. Россия саноат ва савдо вазирлигининг хабарига кўра, яқин келажакда ишлаб чиқарилган “Sputnik V” вакцинасининг умумий ҳажми 2 миллион дозага етади.