Шинжондаги инсониятга қарши жиноятлар

Қўшма Штатлар Хитой ҳукуматини уйғурларга нисбатан геноцидда айблади. Давлат котиби Майк Помпеонинг сўзларига кўра, ХХР Коммунистик партия раҳбарияти ва назорати остида уйғурлар ва бошқа этник ва диний озчиликларни қирғин қилмоқда.

Помпеонинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда маҳаллий ҳокимият идоралари “мусулмон уйғурлар, бошқа этник ва диний озчиликлар вакилларига, шу жумладан этник қозоқ ва қирғизларга қарши репрессияларнинг кўп йиллик кампаниясини” кучайтирган.

Америка Қўшма Штатлари Хитой ҳукумати инсониятга қарши бир қатор жиноятлар, жумладан “миллиондан ортиқ тинч аҳолини ўзбошимчалик билан қамоққа олиш, мажбурий стерилизация қилиш, ҳибсга олинганларни қийноққа солиш, мажбурий меҳнат, дин, сўз ва ҳаракат эркинлигига қаттиқ чекловлар киритишни ўз ичига олган” деган хулосага келди.

Помпео Шинжондаги вазиятни “Хитой партия раҳбариятининг уйғурларни йўқ қилишга қаратилган мунтазам уриниши” деб таърифлади.

У ноқонуний ҳибсга олинганларни озод қилиниши ва ҳар қандай таъқибларни тўхтатишни талаб қилди. Тўғри, у жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар бунинг учун қандай жавоб қайтаришини аниқ айтмади. Эҳтимол, Хитойга қарши санкциялар эълон қилиниши, аммо бу қачон амалга оширилиши номаълум.

P.S. ёддингизда бўлса бундан аввалроқ Хитой ҳукуматининг уйғурларга қарши тазйиқлари тўғрисида янги маълумотлар пайдо бўлганини ва бу маъулмотларни Япония ҳукумати АҚШга тақдим этгани тўғрисида ахборот берган эдик. Демак, тақдим этилган ҳужжатлардаги фактлар ўз тасдиғини яна бир бор топган кўринади.