Немис хитойшуноси Адриан Центз “Шинжон ҳужжатлари” ҳисоботини чоп этиб, унда Хитой ҳукуматининг Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги уйғурлар ва бошқа озчиликларга нисбатан репрессиялари билан Хитой раҳбариятининг 2014 йилдаги чиқишлари ўртасидаги боғлиқлик ҳақида ёзган.
Хусусан, Центз Хитой расмийларининг уйғурларнинг туғилиш даражасини назорат қилиш, уларни ишлашга мажбурлаш ва уларнинг “касал фикрлаш”ларини даволашга чақириқларини келтириб ўтади.
Ҳужжатлар 2014 йил апрелидан 2018 йил майигача бўлган муддатга тўғри келади. Баъзи материаллар The New York Times томонидан 2019 йилда ишлатилган, аммо қолганлари “махфий” ва “ўта махфий” деб белгиланган. Нашр этилганлар орасида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпиннинг учта нутқи ҳам бор эди.
2014 йилда у (Си) минтақанинг этник манзарасида уйғурлар устунлигидан афсусда эканлигини ва 2022 йилгача мамлакат шарқидан 300 минг хан халқини у ерга кўчириш, шунингдек, уйғур оилаларининг бир нечталаб фарзанд кўришини тақиқлаш зарурлигини эълон қилган.
Чоп этилган ҳужжатлар уйғур геноциди Хитойда ҳукмрон Коммунистик партия томонидан бошланганини тасдиқлайди, деди Центз.
Халқаро ҳамжамият Пекинни Шинжон-Уйғур мухториятидаги уйғурларга нисбатан тазйиқлар учун мунтазам равишда танқид қилади. Жаҳон оммавий ахборот воситалари ва кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари масжидларни бузиш, диний маросимларни бажариш ва Қуръон ўқишни тақиқлаш бўйича тизимли кампания олиб борилаётгани ҳақида бир неча бор хабар беришган.