Россия ўзига яқин монополистларни қўллаб-қувватлайдиган бензин ўйинларини давом этади

Россия ҳукумати тўсатдан нефтни қайта ишлаш заводларида таъмирлаш ишларини бошлаш баҳонасида бензин экспорти чекловларини киритмоқда.

Чекловлар 1 мартдан 1 сентябрга қадар давом этади ва бу тақиқлар ЕОИИ, Мўғулистон, Ўзбекистон ҳамда босиб олинган Абхазия ва Жанубий Осетияга тааллуқли бўлмаслиги қайд этилмоқда.

Бундан аввалги тақиқлар ўтган йили сентябрдан ноябргача давом этганди.

Россиянинг энергетика товарларини қурол ва босим воситаси ўлароқ кўриши биринчи марта эмас. Россия бу билан нафақат унга боғланган мамлакатларнинг ички сиёсатига катта таъсир ўтказади, шунингдек, доимий равишда шу мамлакатларда ўзига мойил энергочиновниклар ва ёқимли бўлган монополияларни ҳам қувватлайди. Чунки чекловлар вақтида мустақил хусусий субъектлар ўзаро келишувлардан ташқари очиқ бозорда битимларни амалга ошира олишмайди.

Очиқ манбалардаги узуқ-юлуқ маълумотларга кўра, Россия бензинининг Ўзбекистонга импорти Ўзбекнефтегаз шўбаси, Sanoat Energetika Guruhi МЧЖ ва SDK Group And МЧЖ томонидан назорат қилинади.

Афсуски, ўзбек статистикаси бензин импорти бўйича мамлакатлар кесимида маълумот бермайди. Лекин 2021 йилгача бўлган даврда Россиядан бензин импорти жами импортнинг 50%ини ҳам ташкил этмаган. Импорт географияси Туркманистон ва Қозоғистондан ташқари Ироқ ва Эронни ҳам қамраб олган эди.

2022 йилдан уруш бошлангандан сўнг, Ўзбекистоннинг Россия бензинига қарамлиги кескин орта бошлади. Норасмий маълумотларга кўра, 2023 йилга келиб қўшни Туркманистондан бензин импорти каррасига камайиб, статистик хатолик даражасигача пасайган ва ҳатто кейинги ойларда тўхтатиб қўйилган. Қозоғистондан бензин импорти эса 2022 йилда тўхтатилган.

Ўзбек энергетиклари мамлакат энергетик хавфсизлигини таъминлаш, барқарор етказиб берувчилар географиясини кенгайтириш ва рақобатни рағбатлантириш ўрнига Россияга қарамликни оширишни маъқул кўриб келишмоқда.

Отабек Бакиров