Ўзбекистоннинг халқаро захиралари қисқаришни давом этмоқда

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил 1 март ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг расмий захира активлари январь ва февраль ойларида 2,37 миллиард долларга камайган ҳолда 32,19 миллиард долларни ташкил қилди.

Хорижий валюта захиралари январда $1,44 млрдга, февралда эса $381,5 млнга пасайиб, $7,55 млрдни ташкил этган.

Бу ўтган йил сентябридан бери энг кам кўрсаткичдир.

Олтин захиралари январь ойида $293,7 млнга ошганига қарамай, февралда $829,1 млнга пасайди.

Захираларнинг олтин қисми динамикаси февраль ойида камида 600 минг унция (17 тонна атрофида) олтин сотилган бўлиши мумкинлигига ишора беради.

Февраль ойи котировкаларида бу 1,2 млрд.доллардан кам эмас. Лекин бу миқдор захираларнинг валюта қисмининг кўпайишида акс этмаган.

Қайтанга захираларнинг валюта қисми 381,5 млн.долларга 7 549,6 млн.долларгача қисқарган.

Халқаро захиралар динамикасига у ёки бу кўринишда баҳо бериш учун бу маълумотлар етарли эмас. Захиралар билан энг кўп олди бердида бўладиган ФРРУнинг ликвид активлари қолдиқлари ва унинг бюджет билан муносабатлари ўзгариши айрим саволларга жавоб берган бўларди (Қозоғистонда Халқаро захиралар ва суверен Миллий фонд маълумотлари бирга тақдим этилади)

Афсуски, ФРРУнинг ҳаттоки чораклик ҳисоботлари 2022 йилдаёқ ёпиб қўйилган. Маълумот ва ҳисоботларнинг яширилиши бу ўзбек чиновниклари йўл қўяётган хатоларнинг ҳам яширилишидир.

Марказий Банк томонидан изоҳланишича, Халқаро захиралар ҳажмидаги йил бошига нисбатан ўзгаришлар мавсумий тусга эга бўлиб, одатда январь-февраль ойларида кузатиладиган тенденция ҳисобланади. Шунингдек, мазкур динамикага 2019 йилда муомалага чиқарилган суверен Евро облигациялар бир қисмининг сўндирилиши ҳам таъсир кўрсатган.        

Олтиннинг ҳажми ўзгармаган, аммо олтин ва валюта захираларининг қиймати пасайган. Маблағлар ҳисобидан 500 млн долларлик евробондлар сўндирилган

2024 йил 1 январь ҳолатида Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 34 миллиард 564,7 миллион долларни ташкил этган эди.