Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) оғир атлетика бўйича икки вазн тоифасида 2012 йилги Лондон Олимпиадаси медалларини қайта тақсимлади. Бу ҳақда ХОҚ веб-сайти маълумот берди.
Қайд этилишича, ХОҚ Ижроия Кенгаши оғир атлетикачилар дисквалификация қилинганидан кейин интизом комиссиясининг ҳукми асосида қарор қабул қилган.
Лондонда 105 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган украиналик Алексей Торохтий допинг тестларини қайта текширишдан сўнг мукофотдан маҳрум қилинди. Унинг олтин медали эронлик Наваб Носиршалалга, кумуш полшалик Бартломей Бонкга, бронза эса ўзбекистонлик Иван Ефремовга насиб этди.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилги Олимпиадада ушбу вазн тоифасида тўртинчи ўринни ҳамюртимиз Руслан Нуриддинов эгаллаган ва бронза унга берилиши лозим эди. Лекин 2018 йилда Халқаро оғир атлетика федерацияси 2012 йил Лондонда бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашган бешта оғир атлетикачининг допинг-синовлари ХОҚ томонидан ижобий синовдан ўтганлигини хабар қилганди. Улар қаторида Руслан Нуриддинов ҳам бўлган. 2019 йил 27 май куни Спорт арбитраж суди (САС) Нуриддиновни 2012 йилги Лондон Олимпиадасида олинган допинг намуналарини қайта текширгандан сўнг допингда айбдор деб топганди.