Россиянинг нуфузли таҳлил маркази (НИИКР) 2025 йил якунлари бўйича Марказий Осиё давлатларининг Россияга нисбатан “дўстона муносабати” рейтингини эълон қилди. Ундаги хулосалар жуда қизиқ: минтақа давлатлари Россия билан алоқаларни узмаяпти, лекин энди фақат Москвага қараб иш тутмаяпти.

Россиялик экспертлар буни “хавф” деб атамоқда. Биз учун эса бу — мустақил сиёсат. Хўш, аслида вазият қандай?

«Эксклюзивлик даври тугади»

Ҳисоботнинг бош ғояси шу: Илгари Марказий Осиёда таълим, фан, иқтисод ва маданият соҳасида Россия яккаҳоким (эксклюзив) эди. 2025 йилга келиб бу монополия йўқолди.
Энди ёшлар фақат Россия олийгоҳларига эмас, Хитой, Туркия ва Европага ҳам интилмоқда. Савдода ҳам рақобат кучайган.

Ўзбекистон: 6-ўриндан 7-ўринга. Сабаб нима?

Ўзбекистон рейтингда бир поғона пастлаб, 7-ўринга тушди (Тожикистон эса юқорилади). Бу Ўзбекистон-Россия алоқалари ёмонлашди деганими? Йўқ.

Россиялик таҳлилчилар Ўзбекистоннинг пастлашини қуйидаги “прагматик қадамлар” билан изоҳлашмоқда:

Ўзбек банклари ва компаниялари Ғарб санкцияларига тушиб қолмаслик учун халқаро талабларга (комплаенс) қатъий риоя қилмоқда. Бу эса Россия билан айрим молиявий операцияларни чеклайди. Тангани яна бир томони, Ўзбекистонда Хитой, Туркия ва Европа таълим дастурлари кўпайди. Ёшлар онги учун курашда Россия энди ягона лидер эмас. Қолаверса, Тошкент C5+1 (АҚШ) ва Европа Иттифоқи билан фаол мулоқот қилмоқда. Россия буни “стратегик рақобат” деб кўрса-да, Ўзбекистон буни миллий манфаат деб билади.

Қўшниларда вазият қандай?

Қозоғистон: Россия билан жуда яқин, лекин жамият ичида ва ижтимоий тармоқларда “деколонизация” (мустамлакачиликдан қутулиш) кайфияти кучайган. Шунингдек, тарихни қайта кўриб чиқиш жараёни кетмоқда.

Қирғизистон: Хитой ва Туркиянинг маданий ва иқтисодий таъсири кескин ошган.

Тожикистон: Россия учун асосий шерик бўлиб қолмоқда, лекин савдода Хитой аллақачон биринчи ўринга чиқиб олган.

“Хавф” ёки “Янги реаллик”?

Россиялик экспертлар бу жараённи “РФ учун хавф” деб баҳоламоқда. Аслида эса, бу Марказий Осиё давлатларининг суверенитети мустаҳкамланаётганидан далолатдир.

Биринчидан, минтақа давлатлари “тухумларни битта саватга солмаслик” сиёсатига ўтди.
Иккинчидан, Ўзбекистон ва қўшнилар Россия билан алоқаларни узмаган ҳолда, дунёнинг бошқа марказлари (Пекин, Анқара, Брюссел, Вашингтон) билан ҳам тенг манфаатли алоқа қурмоқда.

Ўзбекистоннинг рейтингдаги “тушиши” — бу орқага қадам эмас, балки мувозанатли сиёсатнинг натижасидир. Тошкент учун муҳими — қайсидир давлатнинг рейтингида юқори ўринда туриш эмас, балки ўз иқтисодиётини санкциялардан асраш ва халқи учун энг фойдали ҳамкорларни танлашдир.