Март совуқ келди: ойлик ва нафақалар ошмади, иситиш даври узайтирилмади. Баҳорнинг биринчи кунларида шимолда ҳарорат минус 10 даражагача тушади, қолган ҳудудларимизда тунда минусли ҳарорат сақланади. Эрта ва индин жуда кўп ҳудудларда қор ваъда қилинмоқда.
Лекин табиий газ учун иситиш мавсуми ўртамчи олигархия триллионлаб субсидия олаётганига қарамай, қайта кўриб чиқиб узайтирилмади. Бугундан бошлаб, ойлик базавий меъёр 100 кубга тушади. Бу кимга 3 кун, кимга 5 кунга етади. Ундан кейин бир куб газ учун 1500 сўмдан, яъни 2,3 карра қимматроқдан тўлаш бошланади. Шу маънода, ўзбекистонликларнинг март ойидаги харажатлари февралдан кўра каррасига кўпроқ бўлиши табиий.
Қолаверса, жорий март ҳарорати ҳам совуқроқ кутилмаларни тақдим этмоқда. Бу хақида Газета.ўзнинг ойлик об—хаво шархида ҳудудлар кесимида ойлик харорат меъёрдан қанча паст еки юқори келиши билан боғлиқ карталарда хам келтирдик.
Гарчи, Ўзгидромет март ойининг меъёр ва ундан 1—1.5 даража юқори яъни “илиқ” келиши хақидаги гўеки ижобий кутилмаларини тақдим этган бўлса ҳам бу кутилма ўтган 2024 ёки 2023 йилдаги март иқлимидан анча совуқ бўлишини англатади.
Айтмоқчи, бизда октябрь—март ойлари йилнинг совуқ даври саналса, апрель—сентябрь ойлари йилнинг илиқ даври деган тамоил ҳам бор камига. Яъни март йилнинг совуқ ойи ҳисобланади.
Газ ресурслари тақсимотида оғир қиш мавсумини бошидан ўтказган энергетика тизимининг 1 мартдан аҳоли ва тармоқларда фойдаланишдаги табиий газ учун 100 метр кубдан кўпроқ газ ишлатганлар каррасига кўпроқ пул тўлаши билан боғлиқ қарори қишни зўрға оёқда тик ўтказиб олган ва буёғи пули уда камайган ўрта ва паст даромадли қатлам чўнтагига катта юкламани беради.
Қолаверса, совуқ заҳри узоқ кутилаётган март ойи деҳқончиликнинг кечроқ бошланишига, асосий даромади аграр секторда бўлган аҳоли қатламининг мартнинг асосий кунларини уй ичидан дераза орқали ташқарига маъюс узоқ тикилишига олиб келишини англатади.
Энергетик тизим ана бу март ойида газ тўловлари 100 м кубдан ошгач бир неча боробар кўп тўловларни тўлаши билан боғлиқ қарорга тезроқ ўзгартириш киритиб, халқнинг манфаатларини бир ўйлаб кўрар?
Харажатлар ошиши ташвишлари фонида ойлик ва пенсиялар 1 мартдан бошлаб 10%га индексация қилиниши ҳақидаги миш-мишлар рад этилди. Лекин индексация қачон бўлиши ҳақида ҳам бирон ишора берилгани йўқ.
Лекин ёқимсиз хабарлар бу билан тугамайди. Бугундан бошлаб, скутерни бошқариш учун имтиҳон топшириш ва ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб қилинади. Камбағални урма, сўкма, қиммат номер тақтир ва ягона имтиҳон марказидан ўтказиб шил. Аввалроқ скутерлар учун қиммат номерларни тақиш мажбурий қилинганди. Номер қироли ҳам, имтиҳон марказлари ҳам, кучга кирган жарима баллари қонуни бенефициарлиги ҳам кимга бориб тақалиши билсангиз керак.
Ҳа, ёқимсиз ўзгаришларнинг десертига экостикерлар бор. Бугундан экологик стикерларни жорий қилиш бошланмоқда. Стикерлар билан боғлиқ қоидалар ишга тушса, шаҳарларда айрим ҳудудларга кирганлик учун жарималар жорий этилади. Газ йўқ, 80 шиптирдан ҳали бери воз кечиш режалари йўқ, муттаҳам монополистлар ва уларнинг югурдак шотирлари электромобилларга янги ва янги тақиқ ва чекловлар қўшишмоқда. Абсурд кўринар, лекин янги Ўзбекистон учун бу янги нормага айланиб бўлди. Бориб бориб, Ягона экостикер Маркази МЧЖ пайдо бўлиб қолмаса эди, деган хавотирлар эҳтимоли тобора реаллашмоқда.
Отабек Бакиров