Пандемиядан ким ютди?

Айни пайтда, дунёнинг энг бой 10 кишиси 2020 йилда ўз бойликларини 319 миллиард ($) долларга кўпайтирди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, дунё бўйлаб меҳмонхона ва иқтисодиётнинг чакана савдо соҳаларида фаолият олиб борган 600 миллионга яқин одам коронавирус оқибатларидан кўпроқ зарар кўрмоқда.

“Ёшларни меҳнат бозоридан четлаштириш ҳозирги вазиятда жамият учун энг катта таҳдидлардан бири бўлиб, бу узоқ муддатли оқибатларга олиб келади”, деб ҳисоблайди ХМТ.

Пандемия даврида энг кўп даромад олган одамларнинг 40 фоизигача уй шароитида ишлаш имконияти мавжуд бўлиб, бу энг кам даромадга эга бўлганлар улушидан икки баравар кўпдир.

Ушбу соҳаларда аёллар, этник озчиликлар, муҳожирлар, паст малакали ишчи кучлар ва ёшларнинг улуши айниқса юқори, дейилади Британиянинг Financial Times газетасида берилган маълумотда.

“Камбағаллар қашшоқлашмоқда”, деди Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бош иқтисодчиси Гита Гопинат. Гопинат ишбилармонларга ишчилар синфини қайта ўқитишда ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган тармоқларига мослашишида ёрдам беришга чақирди.

ХВФ маълумотларига кўра, 2020 йилда даромадлар тенгсизлиги аввалги молиявий-иқтисодий инқирозлар даврига нисбатан кескин ўсган. «Пандемия» кўплаб мамлакатлар ўртасидаги тенгсизликни янада кучайтирди, ривожланаётган мамлакатларнинг тенгсизликни камайтириш бўйича амалга ошириб келаётган ислоҳотларини ва ўнлаб йиллар давомида эришган ютуқларини бекор қилиб юборди.

Бундан ташқари, ишчилар синфининг энг заиф қатламларини иш билан таъминлаган “яширин” иқтисодиёт катта зарар кўрди. Дунё бўйлаб қарийб 2 миллиард киши норасмий равишда ижтимоий ҳимоя ёки имтиёзлардан фойдаланиш имконияти чекланган ҳолда ишлайди.

2022 йилга келиб, «пандемия» таъсири остида 150 миллион киши қўшимча равишда қашшоқликка учрайди, дея тахмин қилмоқда Жаҳон банки таҳлилчилари.

Бутун дунё пандемиянинг иқтисодий оқибатлари билан курашар экан, Хитойнинг жаҳон бозоридаги улуши технологик саноат ва шахсий ҳимоя воситалари савдоси ортидан тобора ўсиб бормоқда.

Буюк Британиядаги иқтисодиёт ва бизнес тадқиқотлари маркази (CEBR) маълумотларига кўра, дунёнинг аксар иқтисодиётлари коронавирус пандемияси туфайли катта талафотлар кўрган бир пайтда, Хитой 2028 йилга бориб – беш йил аввал тахмин қилинганидек – дунёнинг энг йирик иқтисодиётига айланиши кутилмоқда.

Хитойнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 2000 йилдаги 3,6 фоиздан жорий йил 17,8 фоизга кўтарилди. 2023 йилга бориб, мамлакат «юқори даромадли иқтисодиёт»га айланади, дейилади хабарда.

АҚШдаги Петерсон халқаро иқтисодиёт институти маълумотларига кўра, Хитой коронавирус пандемияси бошланишидан олдин ҳам шахсий ҳимоя воситалари экспорти бўйича етакчи эди, дунёдаги юз ниқоблари, халатлар ва ҳимоя кўзойнакларининг қарийб ярми Хитойда ишлаб чиқарилган.

Октябр ойи охирида шахсий ҳимоя воситаларининг энг йирик глобал дистрибютори бўлган Пекиндаги LyncMed компанияси асосчиси ва бош директори Пол Ванг АҚШ жамоат телерадиоэшиттириш хизматига компаниянинг савдо ҳажми бир йил олдинги кўрсаткичдан 10 баравар кўп эканлигини айтган.

“Ёзда кўп жойларда вируз бироз сусайгани сабабли савдо ҳажми пасайди, энди эса буюртмалар шиддат билан келмоқда”, деди у.

Хитой шахсий ҳимоя воситалари савдосидан фойда кўрмоқда, бунинг ортидан мамлакат иқтисодиёти мисли кўрилмаган тезликда мустаҳкамланмоқда. Ноябр ойида унинг экспорт ҳажми охирги уч йил ичидаги энг тез суръатларда ўсиб, савдо балансида рекорд даражадага ижобий сальдога эришди.

Ноябр ойида Хитойнинг ялпи экспорт ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 21,1 фоизга ўсган ва бу 2018 йил февралидан бери энг тез ўсиш бўлган. Таҳлилчилар ўсиш 12 фоиз атрофида бўлишини башорат қилган эдилар, октябр ойидаги рақамлар бу тахминлардан 11,4 фоизга илгарилаб кетган, деб хабар беради 6 декабр куни Рейтер агентлиги Хитой божхона хизмати маълумотларига таяниб.

2028 йилга келиб, Хитой дунёнинг энг йирик иқтисодиётига айланади, лекин ниманинг эвазига?

Пандемиядан фойда кўришни мақсад қилган Хитой тақчиллик ўрнини тўлдириш учун шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга зўр берди. Йилнинг биринчи ярмида 73 мингдан ортиқ, жумладан, апрель ойининг ўзида нархлар ва талабнинг ортиши туфайли 36 мингта компания ниқоб ишлаб чиқарувчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Пандемиядан олдин Шинжонда шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи 4 та корхона бўлган, 30 июнь ҳолатига уларнинг сони 51 тага етган ва шулардан камида 17 таси асосан мусулмон озчиликка мансуб ишчилар меҳнатидан фойдаланган.

Хитой расмийларининг маълум қилишича, Шинжонда ҳимоя воситаларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ бандлик дастури “маҳаллий аҳолига камбағалликни енгиб, тўкис ҳаёт кечиришига” ёрдам берадиган “ишчилар алмашинуви дастури” доирасида амалга оширилмоқда.