Путинга бўлган ишонч даражаси 29 фоизга тушиб кетди

Россия президенти Владимир Путинга бўлган ишонч даражаси январнинг охири – февраль ойининг бошида 29% гача тушди. Бу ҳақда “Левада” маркази” хабар бермоқда.

Инфографика: левада центр

2020 йил август-октябрь ойларида Путинга бўлган ишонч даражаси 33-34% даражасида бўлган. Шу билан бирга, социологлар Путиннинг ишонч даражаси икки йилдан кўпроқ вақт давомида пасайиб бораётгани, вақти-вақти билан фақат бир ёки икки поғонага ўсиш кўзатилганлигини таъкидламоқда. 2017 йил ноябрь ойида Путинга бўлган ишонч даражаси 59 фоизни ташкил этган.

“Левада” шунингдек, Алексей Навалнийнинг ишонч даражаси 5 фоизгача ўсгани ва биринчи марта Россия Коммунистик партияси раҳбари Геннадий Зюгановга бўлган ишонч даражасидан ошиб кетганлигини қайд этган.

Шу билан бирга, президентни маъқуллаш даражаси 64 фоизни ташкил этмоқда – бу кўрсаткич сўнгги бир неча йил ичида деярли ўзгармай қолди.

Инфографика: левада центр

18-24 ёшлар гуруҳи орасидаги респондентларнинг 51 фоизи президент фаолиятини маъқуллашади, 46 фоизи норози. Таъкидлаш лозим, сўнгги уч йил ичида ушбу ёш тоифасида Путинни маъқуллаш даражаси деярли учдан бирига камайган.

Россияликларнинг ярми (49%) мамлакат тўғри йўлдан кетмоқда деб ҳисобламоқда, 40% аҳоли эса бунга қарши фикрда. Ушбу кўрсаткич пандемиянинг биринчи тўлқини пайтидаги пасайишдан сўнг бироз тикланди.

Инфографика: левада центр

Шу билан бирга, 18-24 ёшдаги респондентларнинг 48% мамлакат нотўғри йўлдан кетмоқда, 44% – мамлакат тўғри йўлдан кетмоқда, деб таъкидлаганлар. 25-39 ёш гуруҳи учун натижалар мос равишда 44% va 43% ни ташкил қилади.

Ижтимоий тармоқлардан (50%) ёки Интернет нашрларидан (47%) янгиликлар олган респондентларнинг ярми бўлаётган воқеаларни салбий баҳолайдилар. Янгиликларни телевизор орқали кузатувчиларнинг 57 фоизи Россия учун тўғри йўлдан кетаётганлигига ишонадилар.