Россия Хитойнинг Марказий Осиёдаги иштирокига ижобий ва бетараф муносабатдадир. Биринчидан, Москва Хитойни Марказий Осиёда геосиёсий рақиб деб билмайди, чунки Хитой ЕОИИ ва КХШТ сингари россиецентрик муассасалар обрўсига путур етказишга интилаётгани йўқ. Ҳатто Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш эҳтимоли муҳокама қилинаётган пайтда ҳам, мен Хитой тарафининг бу борадаги бирор танқидий фикрини эшитмадим. ЕИдан фарқли ўлароқ, Хитой ҳеч қачон Марказий Осиё мамлакатларини ё Хитой, ёки Россия билан бўласиз, қабилидаги танловга рўпара қилган ва бу талабни улар олдига қўйган эмас. ЕИ эса ўз вақтида Украина олдига у ёки бу йўлни танлаш кераклигини қатъий талаб қилиб қўйган, оқибатда ҳозирги инқироз юзага келган эди. Лекин Хитой ҳеч қачон Марказий Осиёда Россияни ўзига рақиб деб билмаган, шунинг учун Россия унинг ушбу мавқеини ҳурмат қилади. Бунга жавобан, Россия ҳам ўзини Хитойга қарши қўяётгани йўқ ва Хитойнинг Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ҳозирлигига таҳдид сифатида қарамайди. Боз устига, Россия билан Хитойнинг Марказий Осиёда умумий манфаатлари бор. Улар сирасига сиёсий барқарорликни таъминлаш: экстремизм, терроризм ва радикализмга қарши кураш киради – бу Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти шуғулланаётган масалалардир. Россия билан Хитойнинг Марказий Осиёдаги умумий манфаатлари Ғарбнинг бу ердаги таъсирини заифлаштиришдан иборатдир. Россия билан Хитой АҚШ билан ЕИнинг Марказий Осиёдаги таъсирини пасайтириш ёки кучайиб кетишига йўл қўймасликни ўзларининг энг устувор вазифаси деб билади.
АҚШ Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлигини кескин қисқартиргани ва унинг Афғонистондан бутунлай кетмоқчи экани ҳисобга олинса, Марказий Осиёга қизиқиши бутунлай заифлашиб қолганини кўриш мумкин. Ундан ташқари, АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига билдирган ишончи оқланмади. Масалан, АҚШ Обама маъмурияти даврида Қирғизистонга анча-мунча демократлашган мамлакат сифатида кўпроқ умид боғлаган эди. Бироқ Қирғизистон Россия билан ҳамкорлик йўналишини АҚШ фойдасига ўзгартирмади, яъни тикилган дов фойда келтирмади. Шунга қарамай, АҚШнинг Марказий Осиёга қизиқиши Россия билан Хитойни тийиб туриш билан боғлиқ, чунки Россия билан Хитойга геосиёсий рақиб ва ҳамма жойда уларга қарши курашиш керак деб қаралади. Россия Хитой билан бирга бунга қаршилик кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Хитойнинг Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ҳозирлиги Ғарбнинг минтақадаги мавқеини заифлаштиради. Масалан, айнан Хитой Марказий Осиё газининг асосий импортчиси экани ЕИнинг Марказий Осиё газини тўғридан-тўғри импорт қилиш имкониятини истисно қилади ва бу Россияни тўлиқ қаноатлантиради. Айни ҳол ЕИнинг Россияга қарамлигини оширади, биринчи навбатда Хитой шарофати билан Набукко, Жанубий газ коридори, Транскаспий газ қувури лойиҳасини чиппакка чиқаради. Шунга кўра, Россиянинг асосий потенциал рақиблари мавқеи кучсизланади ва ЕИнинг Россияга қарамлиги ортади. Шунинг учун Россиянинг ушбу масалага муносабати ижобий.
Бугунги кунда Россия олдида турган вазифа Хитойни заифлаштириш эмас – аслида бунинг иложи ҳам йўқ – аксинча, Хитойнинг минтақадаги ҳозирлиги Россия манфаатларига зид келиб қолмаслигига эришишдир.
Дмитрий Суслов – Россиянинг халқаро сиёсат бўйича эксперти, Миллий тадқиқот университети “Олий иқтисодиёт мактаби” (НИУ ВШЭ) Жаҳон иқтисодиёти ва дунё сиёсати факультетининг Европа ва халқаро комплекс тадқиқотлар илмий-таълимий маркази директори ўринбосари ва илмий ходими.
Материал унинг CAAN сайтига берган интервьюсидан тайёрланган.