ЮНИСЕФ, Ёшлар иттифоқи ҳамда “Юксалиш” умумиллий ҳаракати томонидан “Ўзбекистон ёшлари: муаммо ва истиқболлар”тадқиқот олиб борилган унга кўра: Уюшмаган ёшлар (айниқса, аёллар орасида) ўтказилган тадқиқотда, 19 – 30 ёшли респондентларнинг 54,6 фоизи ҳеч қаерда ўқимаслиги ва ишламаслигини айтган. Яъни улар меҳнат бозорида ўз ўрнини топа олмаяпти. Чунки ҳозирги шароитда иш берувчи учун қўлида дипломи бор мутахассисдан кўра, юмшоқ кўникмаларга эга кадр қадрлироқдир. Менимча, таълимдаги мана шу бўшлиқни зудлик билан тўлдириш керак. Акс ҳолда, ёшлар орасида ўз келажагига шубҳа билан қараш тенденцияси кучайиб боради.
Давлат ҳамда хусусий секторда муносиб иш топишига кўзи етмагани боис, аксарият ёшлар шахсий бизнесини очишга қизиқиш билдирмоқда. Бироқ яна ўша гап — бунга уларнинг уқуви йўқ. На мактаб, на университетда, дейлик, кредит олиш тартиби, бозор конъюктураси ёки мижозларни жалб қилиш бўйича амалий машғулотлар ўтилади.
Ёшларни қийнаётган яна бир муаммо таълимнинг чиқимдорлиги билан боғлиқ. Сўровномада иштирок этганларнинг аксарияти ўқиш харажатлари (репетитор хизмати, сессияни пора билан ёпиш, контракт тўлови) уларни стресс ва иложсизлик ҳолатига солиб қўяётганини айтган.
Бир оиланинг репетитор учун ойлик харажати баъзан 30 (АҚШ) доллардан ошади. Шу нуқтаи назардан, респондентлар мактабдан ташқари фан тўгаракларини кўпайтириш истагини билдирган. Қолаверса, ёшлар ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашишда пул ва таниш-билишчилик муҳим роль ўйнашини инкор этмади. Демак, бугунги кунда уларнинг олий ўқув юртига қабул ҳамда таълим жараёнлари адолатли ўтишига эҳтиёжи ниҳоятда банд.
Айрим респондентлар таълимдаги муваффақият инсоннинг ўзига боғлиқ эканини айтса, қолган салмоқли қисми ўқитувчини асосий мотиватор, деб ҳисоблайди. Афсуски, болада олий маълумотли мутахассис бўлиш иштиёқини сўндираётган малакасиз педагоглар ҳам учраб турибди.
Ўзбекистонда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 25 фоизга тенг. Қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсди. Шунга қарамай, бу минтақадаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда (ваҳоланки, аҳоли сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда!). Ҳатто биздан унча узоқ бўлмаган Туркия ва Россияда қамров кўрсаткичи 40-50 фоизга етган. Рауф Салохўжаевнинг сўзларига қараганда, юртимизда кўпгина ёшлар олий таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлаётгани давлат томонидан жиддий эътибор қаратилиши зарур бўлган фундаментал муаммо ҳисобланади. Ўз навбатида, мазкур ҳолат 30 йилдан буён амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг нуқсонларини ҳам очиб берган.
Мана бу рақамларга изоҳ шарт эмас. Тадқиқотдан маълум бўлишича, олий ўқув юртларига кираётган шаҳарлик ёшлар қишлоқдаги тенгдошларига қараганда икки ҳисса кўп. Олий таълим муассасалари талабалари орасида хотин-қизлар улуши 37 фоизга тенг. Даромади паст тоифага мансуб 25 – 30 ёшдаги респондентларнинг атиги 3 фоизи олий маълумотли. Зотан, даромади юқори тоифадагиларда бу кўрсаткич 23 фоизни ташкил қилмоқда.
Касбий танлов ҳамда иқтисодий имкониятлар
Ўқишни битиргач уйда ўтириб қолаётган ёшлар орасида аёллар салмоғи анча юқори – 51 фоиз. 18 ёшдан кейин мазкур кўрсаткич янада ортиб, 74 фоизга етмоқда. Бунинг сабабини қизлар оила юмушлари ҳамда даромад топиш учун бошқа жойга кўчиб ўтиш имкониятининг чеклангани билан изоҳлади.
Қишлоқ ёшлари шаҳарликларга қараганда олим таълим муассасаларига камроқ киради, шу боис, уларда тадбиркорликка қизиқиш юқори. Ишлаётган респондентларнинг 35,7 фоизи хусусий секторда банд. Давлат идораларида фаолият кўрсатаётганлар ҳам тахминан шунча.
Ўзбекистонда стартап лойиҳаларга асосан қишлоқ ёшлари қўл урмоқда. 17,5 фоиз респондент шунинг орқасидан шахсий бизнесини йўлга қўйганини қайд этган.
Аёллар асосан соғлиқни сақлаш, таълим ва қайта ишлаш саноатида банд. Эркаклар орасида нисабатан омаллашган касблар қурувчилик ва фермерлик ҳисобланади.
Эътиборлиси, ёшлар ишлашни хоҳлаган ва реал ишлаётган соҳалар ўртасидаги тафовут жуда катта. Респондентларнинг 28,7 фоизи таълим, 26,3 фоизи илм-фан, 22,9 фоизи тиббиёт, 21,7 фоизи бизнес ва менеджментга қизиқишини айтган. Амалда эса қурилиш объектлари (14,4%), қайта ишлаш саноати (10,6%), деҳқон ва фермер хўжаликларида (9,8%) меҳнат қилмоқда.