Таҳлил: “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси

“Бир макон, бир йўл” лойиҳаси бир нечта сценарийлар бўйича Марказий Осиёдаги давлатларга салбий таъсир этиши ва Хитой ҳукумати Марказий Осиё минтақасида жойлашган давлатлардан асосан табиий бойликларни етказиб бериши одддий хомашиё берувчи ҳамда бу минтақага Хитой маҳсулотларини катта миқдорда сотиш борасида улкан истеъмолчилар бозори сифатида кўрмоқда дейилган бир нечта таҳлилий материалларни эътиборингизга ҳавола этган эдик. Энди эса мана шу лойиҳага қаратилган негативларга Хитой томонидан билдирилган фикрларни келтириб ўтмоқчимиз.

“Макон ва йўл” ташаббуси Марказий Осиёда

“Хитойнинг 2019 йилги бевосита ташқи инвестициялари ҳақидаги статистик маълумотлар бюллетени”га кўра, расмий Пекин 2013 йилдан 2019 йилга қадар “Макон ва йўл” бўйида жойлашган мамлакатларга 117,2 миллард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган. Муаллиф инвестиция бўйича статистика маълумотларини келтирар экан, пандемия муайян маънода Хитойнинг минтақа мамлакатлари учун аҳамиятини тушуниб олиш имконини берганини таъкидлайди. Экспертга кўра, эпидемия даврида Хитой билан алоқаларни узишнинг номақбул оқибатлари Марказий Осиё мамлакатларини томонлар ўртасидаги муносабатлар аҳамиятини теранроқ англашга мажбур қилди, уларнинг Хитойга нисбатан сиёсати ҳаққоний ва оқилона бўла борди.

Шу билан бирга, муаллиф Марказий Осиёда “Макон ва йўл” ташаббусини амалга ошириш ва олға суришда бир қанча қийинчиликлар бўлганини ҳам алоҳида кўрсатиб ўтади.

Биринчидан, савдо-сотиқ ҳажми камайди. Хитой божхонаси статистикасига кўра, Хитой билан Марказий Осиёнинг 4 та мамлакати (Туркманистонни истисно қилганда) ўртасидаги икки томонлама савдо-сотиқ ҳажми 2020 йилнинг биринчи ярмида, бор-йўғи, 13,78 миллиард АҚШ доллари бўлган ва бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 27,3 фоиз камдир. Шундан Марказий Осиё мамлакатларидан қилинган импорт 6,16 миллиард долларни ташкил этган ва бу ўтган йилгидан 9 фоиз кам, Марказий Осиёга экспорт эса 7,616 миллиард доллар бўлган ва бу бир олдингидан 29 фоиз камдир. Умуман олганда, импортнинг қисқариши нисбатан кам бўлди, бунинг асосий сабаби нефть ва табиий газ сингари хом ашё товарлари қувурлар орқали узатилган ва чегаралар ёпилгани уларга дахл қилмаганидир. Экспорт миқдорининг анча-мунча қисқарганига эса, асосан, портларнинг ёпилгани ва Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой товарларига талаби пасайгани сабаб бўлди.

Иккинчидан, ҳамкорликни кенгайтиришнинг мавжуд потенциалидан тўлиқ фойдаланилаётгани йўқ. Шу билан бирга, Хитой билан ҳамкорлик кенгайишига “Хитой таҳдиди назарияси” (中国威胁论) деб аталган қараш тарқалиши тўсқинлик қилмоқда. Муаллиф таъкидлашича, айрим минтақаларда “Хитой таҳдиди назарияси” кенг тарқалмоқда ва ҳақиқатдан бехабар айрим кишилар Хитой лойиҳаларига қарши чиқмоқда. Айни ҳол айрим Хитой компанияларининг чет элларда инвестиция киритишда эҳтиёткорлик билан йўл тутишга мажбур этмоқда, инвестициялар миқёси ва суръати, айниқса, Қирғизистон ва Қозоғистонда анча-мунча сустлашиб қолди.

Муаллиф фикрича, “Хитой таҳдиди назарияси” оммалашиб кетишига кўп жиҳатдан АҚШнинг аниқ мақсадни кўзлаб юритаётган сиёсати сабаб бўлмоқда. Вашингтон “Макон ва йўл” ташаббуси ҳақида қарз қопқони деган ёлғон гапни атай тарқатмоқда, шунингдек, “Шинжондаги қайта тарбиялаш жамлоқлари” (新疆再教育营) ҳақидаги узунқулоқ гапларни қўллаб-қувватлаяпти. Бундай хатти-ҳаракатлар Хитой билан ҳамкорликка салбий таъсир кўрсатаётир. Хусусан, 2020 йил февралида Қирғизистондаги Норин саноат ва савдо логистика маркази қурилиши лойиҳасига Хитойнинг савдо компанияси 280 миллион долларлик инвестиция киритиши режалаштирилаётган эди. Бироқ маҳаллий аҳоли қаршилиги сабаб ушбу битим барбод бўлди ва оқибатда компания ёпилди.

Муайян қийинчиликларга қарамай, муаллиф фикрича, “Макон ва йўл” ташаббуси ривожланмоқда.

Биринчидан, ҳамкорлик борасида консенсус – ўзаро ён берган ҳолда келишув теранлашиб бормоқда, “Инсониятнинг тақдири ягона ҳамжамиятлари” (人类命运共同体理念) концепцияси борган сари кўпроқ эътироф этилмоқда.

Иккинчидан, эпидемия фақат Хитой билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мулоқот усулларини ўзгартирди, бироқ алоқаларни заифлаштиргани йўқ. Икки томонлама форматда ҳукуматлараро алмашув механизмларидан фаол фойдаланилмоқда. Кўп томонлама мулоқот қилиш учун ШҲТ доирасидаги учрашувлардан ташқари, Хитой билан Марказий Осиё 5 та мамлакати ташқи ишлар вазирларининг “С+С5” форматидаги учрашувлари механизми яратилди. Шу тариқа Марказий Осиё мамлакатлари билан Хитой мутлақо мустақил форматни йўлга қўйди.

Учинчидан, “Хитой – Европа” йўналишида қатнаётган поездлар стратегик каналлар вазифасини ўтамоқда. Хитой миллий темирйўл гуруҳи маълумотига кўра, 2020 йил биринчи ярмида Хитой билан Европа ўртасида 5122 та поезд қатнаган ва бу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан 36 фоиз кўп бўлган. Экспресс поездларнинг ярмига яқини (бу 2381 та поезд дегани ва ўтган йилга нисбатан 49 фоиз кўп) Қозоғистондаги 2 та порт: Алашанкоу ва Қўрғас орқали ўтади. 2020 йил биринчи ярмида ушбу 2 та портдаги юк айланмаси 10 миллион тоннага етган ва бу 2019 йилнинг айни даврига нисбатан 30,2 фоиз кўп бўлган. Денгизбўйи мамлакатлари портларини ёпаётган пайтда контейнерли интермодал юк ташишнинг ерусти йўли “Хитой – Марказий Осиё – Европа” маршрути бўйлаб халқаро юк ташишнинг “қутқарув камари”га айланди.

Тўртинчидан, Хитой Марказий Осиё мамлакатлари қарзини камайтириши ёки ундан кечиш ташаббусини илгари сурди. G20 гуруҳининг энг қашшоқ мамлакатлар қарзни қайтаришини тўхтатиб туришга оид ташаббусини амалга ошириш мақсадида Хитой дунёнинг 77 та ривожланаётган мамлакати ва минтақаси, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари қарзларини қайтаришини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилганини билдирди. Статистика маълумотларига кўра, 2019 йил охирида Хитойнинг Марказий Осиёдаги давлат кредити қолдиғи 24 миллиард доллар бўлган, жумладан, Қозоғистон – 11 миллиард доллар, Ўзбекистон – 3,006 миллиард доллар, Қирғизистон – 1,795 миллиард доллар, Тожикистон 1,525 миллиард доллар ва Туркманистон – 6,7 миллиард доллар.

Бешинчидан, “Рақамли Ипак йўли” ташаббусининг тез ривожланиши минтақа мамлакатларига иқтисодиётини ўзгартириш имконини берди. Эпидемияга қадар Марказий Осиё мамлакатлари рақамли иқтисодиётни ривожлантириш стратегияларини белгилаб олган эди, эпидемия эса уларни амалга оширишни тезлаштирди. Хитойнинг янги интернет технологиялари билан ҳамкорлик жадаллашиб бормоқда.

Олтинчидан, “Саломатликнинг Ипак йўли” ташаббуси амалга оширила бошлади.

Еттинчидан, Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий ривожланишидаги роли ва таъсири ошиб бораётир. Марказий Осиё мамлакатлари Хитой энг мақбул шерик эканини жуда яхши тушунади. Минтақа республикалари наздида Россия хавфсизлик (ички хавфсизлик ва режим хавфсизлиги) борасида энг муҳим шерик ва таянчдир. Бироқ Россиянинг иқтисодий ва инвестицион имкониятлари нисбатан заиф ва у Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланиш билан боғлиқ эҳтиёжларини қоплаши жуда оғир. Гарчи Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқининг халқаро таъсири катта бўлса-да, улар Марказий Осиёдан жуда узоқда жойлашган. Бундан ташқари, улар ҳар доим Марказий Осиё мамлакатларидаги режимлар хавфсизлигига таҳдид қиладиган мухолифатни дастаклашга ҳаракат қилади. Хитой – ён қўшни, унинг маблағи ҳам, бозорлари ҳам бор, ҳеч қачон бировнинг ички ишларига аралашмайди ва иқтисодий ҳамкорликни тенглик асосида ривожлантириши мумкин.

Материал Хитойлик таниқли эксперт Чжан Нин Хитойнинг кенг қамровли “Макон ва йўл” ташаббусини амалга оширишга пандемиянинг таъсири ҳақида  ёзилган мақола асосида тайёрланди. (张宁:新冠肺炎疫情对中亚 “一带一路”合作影响) [1].