Қирғизистон ва Туркия ўзаро товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда, деди республиканинг Анқарадаги элчиси Қуванчбек Омуралиев.
Дипломат ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 507 миллион долларни ташкил этганини айтди ҳамда: “Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик стратегик мақомга эга. Айни пайтда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар жадал ривожланиб бормоқда», – дея таъкидлади.
“Қирғизистон биродар Туркия билан қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, гидроэнергетика ва бошқа ўзаро манфаатли соҳаларда қўшма саноат корхоналарини яратишдан манфаатдор”, деди қирғиз дипломати.
Омуралиев икки томонлама солиққа тортилмаслик ва инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим Туркия ва Қирғизистон ўртасида амал қилаётганига эътибор қаратди.
«Мен туркиялик сармоядорларни мамлакатимизга фаол сармоя киритишга ва бизнес юритишга чақираман. Бундан ташқари, Президент Садир Жапаров ташаббуси билан янги инвестиция қонунчилиги ишлаб чиқилмоқда. Қонун инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, шунингдек давлат кўмаги билан инвестиция фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган», – дея қўшимча қилди у.
Дипломат, шунингдек, пандемия даврида икки давлат ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада яхшиланганини таъкидлади. “2020 йил 15 июлда Туркия Қирғизистонга дори-дармон ва кислород ускуналарини ўз ичига олган гуманитар ёрдам юборди. Пандемия пайтида Бишкекда Қирғиз-турк дўстлик касалхонасини вақтинча очиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тез орада шифохонанинг тўлақонли ишлаши кутилмоқда», – деб умид билдирди Омуралиев.
Эслатиб ўтамиз “Канада олтин қазиб чиқарувчи компания халқаро судга Қирғизистон ҳукумати устидан шикоят қилган”: “Centerra Gold” компанияси республика расмийлари “Қумтор кони фаолияти асосларини бузмоқда ва ҳар қандай масалада компания билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётгани эса илгари тузилган инвестиция шартномаларини бажарилмаслигига олиб келмоқда”- дейилмоқда.
Даъво Стокголм арбитражида кўриб чиқилади.
Кеча Европа Банки (ЕТТБ) Қирғизистондаги Қумтор олтин конини миллийлаштириш мумкинлигидан хавотир билдирди. Ҳозирда конни Канада компанияси бошқармоқда.