Кениядаги шифокорлар коронавирусга қарши эмлаш ўрнига маҳаллий аҳолини сув билан эмлаган, камига бунинг учун пул талаб қилган. Бу ҳақда Vice хабар бермоқда.
Аниқлик киритилишича, 54 миллион аҳолиси бор Африка мамлакатига AstraZeneca компаниясининг бепул эмлаш учун вакциналари юборилиши керак эди. Эмлашлар ҳукумат томонидан аккредитациядан ўтган махсус тиббий марказларда ўтказилиши белгиланган. Аммо, дори танқислиги фонида баъзи шифокорлар кенияликларга пулга эмлашни таклиф қила бошлаган, кейин эса вакцина ўрнига сув юборишган.
Кения март ойида бир миллиондан ортиқ дозада AstraZeneca вакцинасини олган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, препаратнинг деярли барча таъминоти ишлатилган – мамлакат аҳолисининг эса икки фоизидан камроғи қисман эмланган.
Соғлиқни сақлаш вазири фуқароларни эмлаш учун пул тўламасликка ва бепул дори воситасини кутишга чақирмоқда.
Расмийлар аллақачон бундай фирибгарлик ҳолатларини текширишни бошлаган ва жиноий иш қўзғатилган.
Январь ойида Эквадор полицияси ўн минглаб дозада сохта коронавирус вакцинасини эмлашга улгурган тиббиёт клиникасини фош этгани тўғрисида хабар берилган эди.
Марказ беморларга номаълум моддани 15 АҚШ доллари миқдорида укол қилишни таклиф қилган, учта инъекциядан сўнг COVID-19 иммунитетини ваъда қилган.
Бироз вақт ўтгач, клиниканинг маъмурияти у вакциналар эмас, иммунитетни мустаҳкамлаш учун “сарум ва витаминлар” сотаётганини даъво қилган.
Касалхона эгаси 20 минг беморни даволаганини айтмоқда.