Дунёда онлайн қаллоблик ва пул ундириш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Россияда жойлашган жиноий гуруҳлар айниқса бу ишда фаол экани айтилмоқда. Хусусан, май бошида хакерлар АҚШдаги “Colonial Pipeline” компаниясининг компьютер тармоғини ишдан чиқариб, уни тиклаш учун 5 миллион доллар талаб қилган.
“Энергетика соҳасида 39 йилдан бери ишлаётган бўлсам, энг қийин қарор шу бўлди. Қувуримизнинг мамлакат учун аҳамиятини тушунган ҳолда юртимиз манфаатларини устун қўйдим”, – дейди киберҳужумчилар талабини бажаришга мажбур бўлган компания раҳбари Жозеф Блант.
Жиноий тўдалар зарарли дастурлар ёрдамида компаниянинг компьютер тизимига ҳужум қилиб уни музлатиб қўяди. Гаров пулини олгандан сўнг фаолиятини тиклайди. Сўнгги бир йилда хакерлар касалхоналар, транспорт агентликлари, озиқ-овқат таъминотчилари каби муҳим инфратузилма қисмларини нишонга олган.
Хакерлар жиноятни чегарадан ўтмасдан содир этади, пулни эса тўловнинг энг хавфсиз шакли – криптовалютада олади.
Жиноятчилар компьютер тизимининг заиф томонларини турли йўллар билан ишдан чиқаради. Масалан, зарарли файлларни электрон почта орқали юборади. Компания ходими файлни очганда зарарли дастур бутун тармоқни вируслантиради.
“Colonial Pipeline” мисолида улар эски виртуал хусусий тармоққа киришга муваффақ бўлган.
Шундан сўнг хакерлар системани ишдан чиқаради, қулфни шифрлаб, тизимни қайта очиш учун қанча ва кимга пул тўлаш кераклигини маълум қилади.
Хакерлар компания компьютер тизимидаги махфий ва нозик маълумот нусхасини кўчириб, пул тўланмаса, маълумотлар жамоатчиликка ошкор этилиши ҳақида дўқ-пўписа қилади.
Пул криптовалютада тўланади, унинг изига тушиш эса қийин. Тўлов амалга ошганидан сўнг хакерлар файлларни қайта очиш учун шифрни узатади.
Сўнгги пайтда хакерлар иши анча мукаммаллашган.
Улар ўз маҳсулотларини жиноий тўдаларга сотади, дейди мутахассислар.
“Муаммони аниқлаш қийин бўлиб қолди. Жиноий ишга ким қўл урганини билиб бўлмайди. Улар компаниялар компьютер тармоғидаги заифликларни аниқлаш учун мутахассисларни ёллашади”, – дейди “McAfee” антивирус компанияси бош олими Раж Самани.
Расмийларнинг айтишича, АҚШ ҳуқуқ-тартибот органлари “Colonial Pipeline” компаниясига тўланган пулнинг 2,3 миллион долларини қайтаришга муваффақ бўлган. Пул Россияда жойлашган кибержиноятчилар гуруҳига ўтказилаётгани аниқланди.
АҚШ Президенти Жо Байден 16 июнь куни Женевада Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашганида бу мавзуни кўтариб, Россиянинг кибержиноятчилар учун бошпанага айланаётганини муҳокама қилади.
Байден ва Европа раҳбарларининг бу масалага аралашаётгани бу турдаги хакерлар фаолиятига жиддий эътибор берилаётганидан далолатдир, дейди мутахассислар.
“Бу борада жиддийроқ чоралар кўрила бошлайди ва бу шунчаки кибержиноят сифатида эмас, балки миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилади. Муаммога қарши курашиш учун каттароқ ресурслар ажратилади”, – дейди Сан-Франсискода асосланган “Хавфсизлик ва технология институти” раҳбари Филип Райнер.
Байден маъмурияти йирик компаниялардан кичик шаҳарларгача компьютер тизими хавфсизлигини яхшилаш, киберхавфсизликни кучайтириш, хакерлар ҳужумидан ҳимоя тизимини мукаммаллаштиришни буюрди.