Талабаларнинг турар жой муаммолари ҳануз долзарб

Ўзбекистонда мавжуд ОТМларнинг асосий қисми ва нисбатан нуфузлилари, шунингдек, хорижий университетларнинг кўплаб филиаллари Тошкент шаҳрида жойлашган. Самарқанд, Aндижон, Бухоро, Қарши шаҳарлари талабалар сони бўйича кейинги ўринларни эгаллайди. Бироқ, талабаларни турар жой билан таъминлаш борасида кўрсаткичларни муваффақиятли деб бўлмайди. Қуйида мамлакатнинг нуфузли 6 ўқув юртидаги жами талабалар сонига нисбатан ТТЖ билан таъминланган талабалар сонига эътибор қаратайлик:

Республикада илк бор ташкил этилган олий таълим муассасаси ҳисобланмиш Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида айни вақтда умумий талабалар сони 29,769 нафарни ташкил қилади. Бироқ, уларнинг бор-йўғи 12,2 фоизи талабалар турар жойи билан таъминланган, холос.

4703 нафар талаба таҳсил олаётган Тошкент давлат юридик университетида эса талабалар турар жойининг 2 та биноси мавжуд бўлиб, уларда 503 нафар талаба яшаши учун зарур шароитлар яратилган. Ва айни пайтда ТТЖда 496 нафар талаба (163 нафари қизлар, 2 нафар хорижий талаба) истиқомат қилмоқда, яъни, таъминланиш даражаси 10,6 фоиз.

Тошкент давлат шарқшунослик университетида 2700 нафарга яқин талаба таҳсил олса, уларнинг 8 фоизи – 220 нафари ТТЖ билан таъминланган, холос.

Қарши давлат университетида жами талабалар сони 16578 нафар, 2012 йилдан бошлаб 1084 нафар талаба (унгача 994 нафар эди) ТТЖ билан таъминланган.

Самарқанд давлат университетида ўқиётган талабалар сони 16 294 нафарни ташкил этади. Шундан университет талабаларининг 8%и, яъни 1470 нафар талаба турар жой билан таъминланган. “Zarafshon online” газетаси маълумотига кўра, 7200 нафар талаба ижара уйда туради.

Қорақалоғистон Республикаси пойтахтида Aжиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг битта талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, у 275 ўринга мўлжалланган ва талабалар турар жойида 215 нафар талаба-қиз яшамоқда.

Республикада фаолият олиб бораётган хорижий ОТМларда ҳам ушбу кўрсаткич унчалик юқори эмас:

Жадвалда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети (3803 нафар талабадан – 180 нафар), Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (1000 нафар талабадан – 460 нафар), Тошкент шаҳридаги Кореянинг Инҳа университети (1500 нафар талабадан – 200 нафар, (2021-йил, 2-мартдаги пост)), Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти (740 нафар талабадан – 180 нафар) ва ниҳоят янги ташкил қилинган Aжоу университети (450 нафар талабадан – 196 нафар) томонидан талабаларнинг ётоқхона билан таъминланиш даражаси келтирилган. Кўриниб турибдики, худди маҳаллий ОТМлар каби хорижий таълим муассасалари ҳам талабаларни турар жой билан таъминлашда 50 %дан кам кўрсаткичга эга.

Юқорида келтирилган рақамлар жуда паст кўрсаткичлар бўлиб, ҳар бир ўқув йили бошида талабаларнинг турар жой муаммосига дуч келиб, бир қанча вақт сарсон бўлишини билдиради. Бундан ташқари, талаба ва ОТМ ўртасида ТТЖда туриш бўйича шартнома ҳар бир ўқув йили учун алоҳида тузилиб, ўқув йили ниҳоясига етиши билан ҳужжат ўз кучини йўқотган ҳисобланади. Талаба янги ўқув йили бошида яна ҳужжатлар тайёрлаши ва шартномани янгилаш учун вақт сарфлаши зарур. ТТЖларда жойлар камлиги боис, нафақат узоқдан келиб ўқийдиган магистрантларга, балки 3 ва 4-босқич талабаларига ҳам ётоқхона берилмаслиги ҳолатлари республика бўйлаб кўп учрайди. ОТМлар, энг аввало, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, “темир дафтар”да рўйхатда турувчилар турар жой билан таъминланишини биринчи ўринга қўяди.

Талабаларни турар жой билан таъминлашда хориж тажрибаси

2019 – 2020-ўқув йилларида AҚШдаги коллеж ва университетларнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича кўрсаткичларини тақдим қилган usnews.com сайти ўз статистикасини қуйидаги сўзлар билан бошлаган: “Олий ўқув юрти ётоқхоналари, кўпинча, пицца ва кино кечалари, таълим марафонлари ва дўстлашиш майдони сифатида хизмат қилади. Университет тақдим қилган турар жойларда яшаш талабаларга ота-она қаноти остидан чиқиб, мустақил ҳаётга қадам қўйишда кўприк вазифасини бажаради”. Сайтда талабаларни турар жой билан таъминлаш даражаси 90 % ва ундан кўп бўлган 100 та олий ўқув юрти келтирилган бўлиб, улар орасида Стэнфорд университети – 93%, Колумбия университети – 92 %, Ричмонд университети – 91% каби юқори рейтингли олий ўқув юртлари бор. Эътиборлиси шундаки, бу олийгоҳлар фақатгина бакалавриат босқичи талабаларинигина эмас, балки магистрант, докторант ва ўқитувчиларни ҳам алоҳида турар жой билан таъминлаш имкониятини яратган. Бу университетлар умумий талабалар ётоқхонасини қурибгина қолмай, оилавий яшашга имкон берадиган алоҳида уйлар комплексига ҳам эга.

AҚШнинг Ню-Жерси шаҳрида жойлашган Принстон университетида 8419 нафар талаба таълим олади ва уларнинг деярли барчаси ётоқхона билан таъминланган. Университетнинг талабаларни таълим маскани ёнида, яъни, кампусда турар жой билан таъминлаш борасида ўзига хос сиёсат юритилиб, унга кўра, бакалавриат таълим йўналишидаги барча талабалар тўлиқ турар жой билан таъминланади. Бу билан талабанинг ўз шахсий ҳаётини йўлга қўйишга ёрдам бериш кўзда тутилган. Биринчи ва иккинчи курсда ўқийдиганлар қуйидаги 6 коллеждан бирида яшашлари мумкин: Бутлер, Форбес, Матей, Рокфеллер, Витман ва Уилсон. Улардан 3 таси Бутлер, Матей ва Витман 4 йилга турар жой билан таъминлаш борасида шартнома таклиф қилади.

Бостон университети ҳам Принстон университети каби талабаларни турар жой билан таъминлашни биринчи ўринга қўювчи AҚШдаги йирик хусусий университетлардан бири ҳисобланади. Университетда 32 минг талабадан қарийб 78 фоизи турар жой билан таъминланган.

Япония университетларида 3 миллион нафарга яқин талаба бор, улар кўчмас мулк бозори учун жозибали мижоз ҳисобланади. Японияда бир кишилик «талабалар уйлари» жуда кенг тарқалган.

A. Умирдинов, Нагоя иқтисодиёт университети (Япония) Бизнес ҳуқуқи факультети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси: Жанубий Кореяда ҳам “one-room” (бир хонали) услубидаги уйлар талабалар орасида юқори талаб кўрсаткичига эга. Шунингдек, Кореяда университетнинг ўзида ётоқхона ололмаган маҳаллий ва хорижий талабаларга турар жой топиш учун университетда хусусий агентликлар ёрдами таклиф қилинади.

Раббонаев Aвазбек, 27 ёш, Тошкент давлат шарқшуносик университети талабаси:

“2018 – 2020 ўқув йиллари давомида Шанхай университетида таҳсил олганман. Бу университетда жами 80 минг нафар талаба таҳсил олади. Университет чет эллик талабаларни бепул турар жой билан таъминлайди. Олий ўқув юрти бизга тақдим қилган дастурга кўра, турар жой, тиббий суғурта полислари тақдим этилган бўлиб, бир ўртоғим касал бўлиб қолганда, бизга бириктирилган куратор унинг даволаниши учун барча шароитлар яратилишига шахсан бош-қош бўлган эди. Биз турган талабалар турар жойида алоҳида хона, душ, ошхона, интернет мавжуд бўлиб, ошхонада деярли ҳеч ким овқат қилмасди. Университет ётоқхонасида туришни хоҳламаган хорижлик талабалар учун хусусий риелторлар билан ҳамкорликда ижарага уйлар топишда ёрдам берилади.”

Курбанбаев A., 24 ёш, ТДШУ талабаси:

“2017 – 2020-йиллар давомида Тяньцзинь университетида таълим олдим. Университетнинг чет эллик талабалар учун ишлаб чиқилган махсус таълим дастурига кўра, бизни бепул турар жой билан таъминлашди. Тяньзинь университети кампусида 4 тоифадаги ётоқхоналар мавжуд бўлиб, бизга барча шарт-шароитлари муҳайё қилинган D кампусдан хоналар беришди. Бу хоналар барча шароитларга эга бўлиб, алоҳида душ, ҳожатхонаси хона ичида жойлашган, шунингдек, кондиционер, телевизори бор. Хоналардаги тозаликка ҳам алоҳида эътибор берилиб, ҳар ҳафта чойшабларни алмаштиришар эди. Табиийки, бундай шароитлар талабаларнинг бошқа иккинчи даражали нарсаларга вақт сарфламай, ўқишга диққат қаратишини таъминлайди, деб ўйлайман.”

Махмасолиев Ж., 24 ёш, ТДШУ талабаси:

“Мен Кореяга талаба алмашинув дастури асосида ўқишга кетишдан аввал ТДШУ талабалар турар жойида 6 ой яшаганман. 220 кишига мўлжалланган ТТЖда шароитлар қониқарли бўлиб, ҳар қаватда умумий ошхона, душ ва ҳожатхоналар мавжуд. Ётоқхонанинг биринчи қаватида чет эллик талабалар учун хоналар бор. 2019 – 2020 ўқув йилида Корея республикасининг Кюнг Ҳее университетида Эхчанге дастури бўйича 1 йил таълим олдим. Бу университетда ҳам маҳаллий ва хорижлик талабаларнинг турар жойлари алоҳида-алоҳида ташкил қилинган. Aммо аҳамиятли жиҳати, турар жой ошхонасида мусулмон талабалар учун алоҳида менью мавжуд, талабаларнинг диний эътиқодини ҳурмат қилиш асосида хориждан ёшлар келишини рағбатлантирувчи сабаблар кўпайтирилади. Ваҳоланки, Шарқшунослик университетида таҳсил олувчи чет эллик талабалар оддийгина душлар ишламаслиги, ёз фаслида кондиционер билан таъминланмаган хоналарда яшашдан кўра, мустақил равишда алоҳида квартиралар топиб чиқиб кетишга мажбур бўлиши ҳолатларини кузатганман”.

Хамракулова Г., 29 ёш, Aжоу университети ходими:

“Мен Ўзбекистондаги университет ётоқхонасида яшамаганман. Aммо 2016 – 2018 йилларда Кореянинг Aжоу университети ётоқхонасида истиқомат қилдим. Кореядаги университетлар, асосан, ўқув машғулотлари олиб бориладиган бинолар ва талабалар турар жойлари битта ҳудудда жойлашган кампус шаклида қурилган. Хориждан келувчи талаба сифатида ҳали ўқув йили бошланмасдан олдин махсус сўровнома тўлдирганман. Бу сўровномада ётоқхонада туриш-турмаслигим, агар турсам, диний эътиқодим, вегетарианманми-йўқми, аллергиядан азият чекмайманми – шу каби саволлар берилиб, хона ажратилган. Яшаш жойимда диний, миллий урф-одатлари ва менталитети ўхшаш тенгқурларим билан туришим, кунлик рационимда қандай овқатлар бўлиши кабилар сўровномага мувофиқ тайинланган. Мен ўзим ётоқхонада туркиялик, бангладешлик ва ўзбекистонлик қиз билан яшаганман. Бизга қўшни хоналарда эса хитойлик ва вьетнамликлар бирга яшашар эди. Бу жиҳат хорижлик талабаларнинг Кореяда ортиқча келишмовчиликларсиз, бир-бирини тушуниб яшашига имкон беради. Ётоқхона биносининг ҳар бир қаватида иккитадан ошхона, ювиниш ва кир ювиш хоналари, ҳожатхоналар мавжуд. Бундан ташқари, ҳар бир қаватда компьютерлар билан таъминланган кичик кутубхоналар ҳам бор, улар куннинг исталган вақтида фойдаланиш учун очиқ.

Ўзбекистонда ҳам кампус тизимини жорий қилиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Бу билан талабаларнинг бир ҳудудда тўлиқ ўқиш билан банд бўлиши, транспортда юриш учун вақт сарфламаслиги таъминланиб, юқори таълим сифатига эришиш мумкин бўлади. Шунингдек, Ўзбекистондаги ОТМлар айнан Aжоу университетида йўлга қўйилган ўзига хос услубни – чет элликлар учун ташкил қилинган ётоқхонадаги ҳар бир хонада битта маҳаллий ва битта хорижлик талаба яшаши тизимини ўзлаштирса яхши бўларди. Чунки бу чет эллик талабаларнинг маҳаллий шароитга тезроқ мослашишига ёрдам беради. Умуман, биздаги ОТМлар ўрганиши керак бўлган хорижий тажрибалар кўп ва уларни босқичма-босқич жорий қилиб бориш таълим сифати ошишида муҳим, деб ўйлайман”.

Таълим олиш мобайнида ҳам Ўзбекистон, ҳам хориж тажрибасини амалиётда кўрган респондентларнинг фикрларидан ҳам кўриниб турибдики, ОТМ талабани қанчалик яхши шароит билан таъминласа, таълим сифати шунчалик яхшиланишига эришилади.

Муаллиф: Нодирабегим Назарқулова