Италия Amazonни 1,1 миллиард евро жаримага тортди

Американинг Amazon компанияси электрон тижорат бозоридаги ўз таъсирини рақобатчилар зарарига суиистеъмол қилгани учун 1,12 миллиард евро миқдорида жаримага тортилди, дейилади Италиянинг Монополияга қарши агентлиги ёзма баёнотида.

Amazon Европа Иттифоқи қоидаларини бузгани ва Италияда логистика тармоғидан рақобатчилар зарарига фойдалангани учун жаримага тортилди.

Amazon, ўз навбатида, бу қарорга қарши чиқди. Компания баёнотида жариманинг “адолатсиз ва номутаносиб” эканлигини ва қарор устидан шикоят қилинишини таъкидлади.

Италия Монополияга қарши қўмитаси аллақачон Amazon ва Appleни рақобат ва монополия қоидаларини бузганликлари учун жаримага тортди, Amazonга 68,7 миллион евро, Appleга эса 134,5 миллион евро миқдорида жарима белгиланган.