Ушбу можаронинг назарий асосларини таҳлил қилиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Самюэль Хантингтоннинг тамаддунлар тўқнашуви назарияси ва қарашларини акс эттириб, ғоялар тўқнашуви аста-секин тамаддунлар тўқнашувига айланганлигини кўрсатмоқда.
Агар собиқ иттифоқ ҳарбий кучларининг 40 йил аввал Афғонистонга олиб кирилиши ғоялар тўқнашуви сифатида намоён бўлса, АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг “Толибон” ҳаракати билан 20 йил давом этган қарама-қаршилиги нафақат тамаддунлар тўқнашуви, балки либерализмнинг радикализм билан, демократиянинг тоталитаризм билан, маърифатнинг жаҳолат билан, ислом динининг христиан дини билан, ғарбнинг шарқ билан, тараққиётнинг жаҳолат билан, қишлоқнинг шаҳар билан ва ҳ.к.лар тўқнашувини ўзида акс эттиради, деб айтиш мумкин.
АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг Афғонистонда замонавий қадриятларни сингдиришга бўлган уринишлари зое кетганлигини кўрсатмоқда ва бунинг акси бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки, бир неча юз йиллаб ортда – “ўтмишда” қолган жамиятни бирданига бугунги кунга ўтказишнинг имкони йўқлигини амалда кўрмоқдамиз. Шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқдошлари қўллаб-қувватлаган ҳукумат, оддий афғон халқи назарида порахўрлик, таниш-билишчилик ва бошқа ножоиз ҳолатлар сифатида намоён бўлиб, унинг тезлик билан қулашини ана шу ҳолатларга боғлаш мумкин.
“Толибон” ҳаракатининг АҚШ ва унинг иттифоқдошларига кўрсатган 20 йиллик қаршилиги мамлакатда ижтимоий-иқтисодий инқироз чуқурлашувига, давлатчилик инқирозига, мамлакат бўйлаб парокандалик кучайишига олиб келди. Буларнинг бари оддий афғон халқининг гарданига оғир юк бўлиб тушмоқда. Бу эса ўз навбатида, қочқинлар оқими юзага келиши, террористик ва экстремистик гуруҳларнинг қўшни мамлакатларга сизиб ўтиши, Афғонистонинг жаҳон ҳамжамияти учун доимий хавф-хатар манбаига айланишига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолат юзага келиши ва “Толибон” ҳаракати томонидан сиёсий жараёнларда афғон жамиятининг барча қатламлари, миллатлари иштирок этишини, инсонларнинг фундаментал ҳуқуқлари, биринчи навбатда, аёллар ва миллий камчиликлар ҳуқуқларини умуммиллий келишув асоси, давлатчиликни тиклаш ва мамлакатда барқарор тинчликни таъминлашнинг муҳим шартлари эканлигини инкор этаётганлиги натижаси, деб бемалол айтиш мумкин.
АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ва мамлакатдаги ушбу ҳукуматнинг тезкор қулаши масаласига қайтадиган бўлсак, баъзи манфаатдор кучлар бу ҳолатни АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг мағлубияти сифатида қабул қилмоқда. Муаллиф фикрига кўра, АҚШ ҳарбий контингентининг олиб чиқилишини, қочиш элементлари кузатилган бўлса ҳам мағлубият сифатида қабул қилиш нотўғри бўлиб, бундай вазиятни кучларни қайта тақсимлаш сифатида қабул қилиш керак. АҚШ ҳарбий контингенти олиб чиқиб кетилишига қарамасдан, ушбу мамлакатга ва минтақага таъсир кўрсатишнинг бошқа кучли дастаклари (молиявий дастаклар, халқаро ёрдам)ни сақлаб қолганлигини қайд этиш зарур[5].
Шунингдек, муаллиф фикрига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқдошларининг Афғонистондан ҳарбий кучлари олиб чиқиб кетилиши, “Толибон” ҳаракатининг ҳокимиятга келиши, ушбу мамлакатда ва минтақада ҳали-ҳануз муайян бир мувозанат, кучлар баланси (balance of power ) тикланмаганлигидан далолат[6]. Бундай ҳолат ушбу мамлакатда геосиёсий қарама-қаршиликларнинг у ёки бу тарзда давом этиши ҳамда халқаро геосиёсий тизимнинг бирқутбликдан кўпқутбликка ўтишидан бир нишон. Россия, Хитой, Покистон, Эрон, Туркия каби мамлакатларнинг ушбу мувозанатни ўз томонига оғдиришга бўлган янги уринишларни намоён эттиради.
Бундай кўпқутбликнинг шаклланиши, муайян бир кескинликларга, зиддиятларга бой бўлиши, муаммоларга тўлиб-тошиши билан бирга, унинг қайсидир иштирокчиларига катта имкониятлар ҳам яратиши мумкин. Буни Марказий Осиё давлатлари мисолида кўриш мумкин. Шуни қайд этиш керакки, АҚШ ҳарбий контингентининг бевосита Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари чегараси яқинида жойлашуви минтақа мамлакатлари учун нафақат салбий[7], балки ижобий жиҳатларга ҳам эга бўлди. Бу ҳолат минтақа мамлакатларининг 20 йил давомида тинч-хотиржам ривожланиш имкониятларига эга бўлганлиги, ушбу муддат давомида муайян ижтимоий-иқтисодий ресурсларни тўплаш, қўшни мамлакатни тинч жараёнларга жалб этиш имконини берди.
Можаролар давом этишига қарамасдан, Афғонистонда Марказий Осиё давлатлари иштирокида бир қанча сезиларли лойиҳалар, жумладан, “Термиз-Мозори-Шариф” темир йўли, «Сурхон — Пули-Хумри” ЭТЛ каби инфратузилмалар қурилиши амалга оширилди. Шу билан бирга, АҚШ ҳарбий кучларининг ушбу мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши глобал аҳамиятга эга бўлган, Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғловчи Термиз-Мозори-Шариф-Қобул-Қарачи ТрансОсиё темир йўл лойиҳаси[8]нинг амалга оширилишини номаълум муддатга тўхтатиб қўйди.
Тожикистоннинг Афғонистондаги вазиятга нисбатан позицияси
Афғонистонда толибларнинг ҳокимиятга келишини жаҳондаги турли кучлар, турли давлатлар турлича қабул қилди, жумладан, Тожикистон ҳам. Тожикистон ҳукуматининг бундай позицияси, Афғонистонда тожик миллатига мансуб аҳоли 11,0 млн.кишини[9], яъни, умумий аҳоли сонининг 1/3қисмини ташкил этиши билан боғлиқ. Бундан ташқари, тожик миллатига мансуб аҳолининг тарихий жиҳатдан таъсири Афғонистондаги сиёсий жабҳаларда (Бачаи Саққо, Ахмад Шоҳ Масуд, Бурхониддин Раббоний), шу жумладан, иқтисодий, маданий ва бошқа жабҳаларда жуда сезиларли бўлганлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Афғонистонда бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан қораланган, тан олинмаётган радикал кучларнинг ҳокимиятга келиши, ушбу ва бошқа миллатларнинг сиёсий ҳаётдаги ўрнини кескин камайтирди ва чеклаб қўйди. Буни эса Тожикистон ҳукуматининг таъсир доираси чекланиши сифатида талқин қилиш мумкин.
Шуни аввалдан айтиш жоизки, Тожикистоннинг Афғонистондаги таъсири “Толибон” ҳаракатининг ҳокимиятни қанча муддат назорат қилишига боғлиқ бўлди, агар улар ҳокимиятни назорат қила олмаса (келаётган қиш мавсуми буни аниқ кўрсатиб бериши тайин) Тожикистоннинг таъсири шунча кучайиши эҳтимоли бор. Лекин, шуниси ҳам аниқки, Толибон ҳаракати “большевик”ларга ўхшаб, ҳокимиятни 70 йилдан ортиқ назорат қилиши даргумон.[10]
Яна бир бор Тожикистоннинг Афғонистон бўйича позициясини таҳлил қиладиган бўлсак, бундай сиёсат жаҳон ҳамжамияти, айниқса, АҚШ, ЕИ ва БМТ позицияларига (“Толибон” ҳаракатини тан олмаслик) ҳамоҳанг эканлиги, буни биз Тожикистон раҳбариятининг Франция ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланишида кўришимиз мумкин.[11]
Шу билан бирга, географик жиҳатдан “ёпиқ” минтақанинг[12] чеккасида жойлашган, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан заиф бўлган, бундан ташқари, қўшни давлат билан чегаравий можароларга ўралашган давлат учун бундай сиёсат юритиш қанчалик самарали деган саволлар ҳам юзага келиши тайин. Шундай бўлса ҳам, Тожикистон ҳукумати, Афғонистон билан тўлиқ алоқани узгани йўқ ва ушбу давлатга электр энергиясини етказиб беришда давом этмоқда.[13] Юқорида таъкидлаганимиздек, Афғонистон қанчалик узоқ муддат давомида Толибон назоратида қолса, Тожикистон таъсири шунчалик заиф бўлади ва аксинча.