Уйларнинг нархи қанчалик ўсди?

Марказий банк 2022 йил 2- чорак натижаларини акс эттирган уй-жой бозори шарҳини чоп этди.

Ҳисоб-китобларга кўра, апрель-июнь ойларида иккиламчи бозорда нархлар сўмда 2%га, долларда 6,2%га ўсган. Бирламчи бозордаги нархлар чорак давомида 2,4%га қимматлаган. Эътиборлиси, ўтган даврда уй-жой энг арзон бўлган Наманган (+26,0%), Сирдарё (+23,9%) ва Қорақалпоғистонда (+22,3%) нархлар юқори суръатларда ошган. Айни дамда бирламчи бозорда энг арзон уйлар Хоразм вилоятида, энг қиммат уйлар Тошкент шаҳрида бўлиб қолмоқда. Охирги июнь ойида нархларнинг ўсиши деярли барча ҳудудларда тўхтаган.

Уруш оқибатлари ўлароқ, Россия ва Беларусдан келаётган мутахассислар ҳисобига ижара нархлари кўтарилишда давом этган. Ижаранинг доллардаги индекси майда 1,7%га, июнда 2,1%га юқорилаган.

Умумий айтганда, уй-жой бозорининг фаоллиги юқори даражада қолмоқда. Битимлар таркибида энг қиммат сегмент – ер бозори улуши ҳам юқорилаб бормоқда.