Иқтисодчи Отабек Бакиров: Ўтган даврдан қолган ва товони ҳаддан ташқари қимматга тушаётган бу Ёлғондан нафақат воз кечилди, балки кенг майдон бўйлаб ривожлантирилмоқда ҳам.
Mirkonomika телеграм канали: Январь-май ойларидаги кўрсатгичларга кўра дизель ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 30% га камайган. Бир жиҳат муҳимки, дизель ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилнинг январь-май ойларида ҳам 2020 йилнинг мос даври билан таққослаганда қарийб 30% га камайган эди. Бошқача айтганда беш ойлик ҳисобда қараганда дизель ишлаб чиқариш ҳажми охирги икки йилда тахминан 50% га камайган. Улкан умидлар билан қурилган завод ишга тушганлиги эса дизель ишлаб чиқариш ҳажмида қандайдир ижобий ўзгаришга сабаб бўлаётганлигини ҳозирча кўраётганимиз йўқ. Завод ишга тушаётган вақтда йилига 724 минг тонна дизель ишлаб чиқариши ҳамда, бунинг натижасида мамлакатимиз дизель импортига қарамликдан қутулиши кутилаётган эди. Лекин негадир дизель ишлаб чиқариш ҳажми ошаётгани йўқ балки жадал суратлар билан камайиб бормоқда.
“Бир кило пахтанинг пули бир литр дизелга ҳам етмаяпти”
Kommers.uz‘нинг ёзишича, Uzbekistan GTL товар-хом ашё биржасига дизель маҳсулотини чиқармаяпти. 19 июль куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳам биржа савдоларига дизель чиқармаган.
Нашр дизель ёқилғиси ошганидан норози фермерлар билан мулоқотда бўлган. Айрим иқтибослар:
“Эрта баҳорда 8-8,5 минг сўмдан олганмиз. Ҳозирги кунга келиб, қўлда сотиладиган дизель 13 минг сўм, энг арзон, сифатсиз ва яроқсиз дизель 12 минг сўм, ‘заправка’ларда эса маҳсулот нархи 14-15 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу нарх биз фермерларнинг шароитига умуман тўғри келмайди”.
“Ушбу муаммолар Президентимизга етиб борса, натижа албатта кўзга кўринади. Лекин давлат раҳбари бехабар бўлса, фойдаси йўқ. Барча масъул раҳбарлар нарх-навони билиб турибди”.
“Биз пахта экилганида далага 8-10 марта ишлов берамиз. Нархлар баланд бўлгани учун бу ҳам қисқартириб ташланди — 5 марта ишлов беришга ўтдик”.
“Биз ҳамма маҳсулотни биржа нархида сотиб оламиз. Лекин кластерлар пахтамизни биржа нархида олмайди, ўзлари нарх-наво қўйиб, бизга ўзимиз етиштирган маҳсулотга эркин нарх белгилашимизга имкон бермайди. Пахтамизни биржа нархига ўтказиш керак, шунда адолатдан бўлади.
Мисол учун, шунда биржадан дизель олсак ҳам қийналмаймиз. Илгари бир килограмм пахтанинг пулига икки литр бензин олардик. Ҳозир эса бир кило пахтанинг пули бир литр дизелга ҳам етмаяпти”.
Арзон дизель ва авиакеросинимиз бўлади, деган ёлғон ваъда шиорлар билан маъқуллатиб олинган, тарихимизда энг қимматга тушган завод “UZBEKISTAN GTL” дизель ёқилғисининг нархлари ошишда давом этмоқда.