BYD ва UzAuto Motors ҳамкорлиги зарарли монополиянинг янги босқичими?

Кўпчиликда “миллий” автомобиль компаниямиз Хитойнинг BYD компанияси билан шартнома тузаётганлиги автомобилсозлигимизнинг келажагига бўлган ишончни яна қайтарган бўлиши мумкин (албатта бу шартномага скептик қараётганлар ҳам етарлича).

Лекин, бу шартномага объектив баҳо бериладиган бўлса, тахминан қуйидаги хулоса ва фикрларни олиш мумкин.

Биринчидан, бу шартнома электромобиллар импортига тўсиқларни ошириши мумкин. Балки қисқа муддатда импорт божларининг ошишини кўрмаслигимиз мумкиндир лекин импорт қилиш ҳуқуқи кескин чекланади(ёки бошқа маъмурий чекловларнинг ошиш эҳтимоли юқори). Яъни импорт қилиш ҳуқуқи фақатгина миллий автомобиль заводимизга тақдим қилинади. Бошқача айтганда, импорт электромобилларнинг ички бозоримиздаги нархи ҳозиргига нисбатан ошади ҳамда уни импорт қилиш имконияти фақат маълум танланган гуруҳларгагина берилади.

Иккинчидан, бироз вақт ўтиб қўшма корхона ишлаб чиқаришни бошлаши билан импорт электромобилларни олиб кириш янада қийинлашади. Бир жиҳатни унутмаслик керакки, Хитой компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг кенгайиб экспорт бўлишидан етарли даражада манфаатдор эмас, чунки Ўзбекистонга қўшни бозорларга автомобиль етказиб беришда Хитойда ҳеч қандай логистик муаммолар мавжуд эмас. Бошқача айтганда, заводнинг ички бозорга киришидан асосий мақсади ички бозор учун автомобиль ишлаб чиқариш ва етказиб бериш. Компания ташқи рақобат ҳақида бош қотирмасдан ички бозорда маълум даражада ишлаб чиқаришни ташкил қилиш орқали монопол фойдани олади (албатта фойдани маҳаллий компания билан бўлишади). Бунга ўхшаган ҳолат эса айнан автомобилсозлик тарихимизда бўлган. Электромобиллар билан кузатилаётган ҳолат эса ўтган даврдаги зарарли автомобиль монополиясининг кейинги босқичи холос.

Хуллас, BYD билан шартнома катта эҳтимол билан автомобилсозлик соҳасини ёрқин келажак томон етакламайди. Албатта, бу шартномадан манфаатдор гуруҳлар мавжуд, лекин бу манфаатдорлар истеъмолчилар (халқ) эмас. Балки, Хитойдаги автомобиль ишлаб чиқарувчи компания ва маҳаллий ишлаб чиқарувчимиз ҳамда маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчимизнинг ишлаб туришидан манфаатдор бўлганлар. Ўзбекистондаги маҳаллийлаштириш аллақачон «ўғриликка» айланиб улгурган. Яъни маҳаллийштириш ниқоби остида баъзи ишлаб чиқарувчилар истеъмолчилар (халқ)нинг даромади ва бойлигини “ўғирлаш”ни ҳамда уларни камбағаллаштиришни жуда яхши ўрганиб олган. Энди эса фақатгина бу йўналишни янги босқичга олиб чиқишмоқда холос.

Электромобилларни маҳаллийлаштиришимиз автомобилсозлигимизнинг келажаги эмас, балки янада каттароқ паразитга айланиши холос.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2022 йилда хориждан қиймати 69,8 млн. AҚШ долларига тенг бўлган 2 180 дона электромобил импорт қилган.

Электромобиллар импорти 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 1371 тага ошган.

Ўзбекистон 2022 йилда энг кўп электромобил импорт қилинган давлатлар:

  • — Хитой – 1 941 дона
  • — БАА – 111 дона
  • — Германия – 58 дона
  • — Гонконг – 42 дона
  • — Литва – 10 дона
  • — Корея – 7 дона
  • — Бошқа давлатлар – 11 дона

Манба