Абгорланиб бораётган Зарафшон миллий табиат боғи

Журналист Шуҳрат Шокиржонов

Юқоридаги фотоларнинг охиргида боғнинг 2004 йилда қай аҳволда бўлгани ва ҳозир қандай сийраклашиб қолганини кўришингиз мумкин.

Ўтган йилнинг ёзида катта ёнғин содир бўлган. Ёнғин нимадан келиб чиққанини ҳеч ким билмайди. Кўпроқ ўзлари олов қўйиб юборишганга ўхшаяпти. Йўқса ўлган дарахтлар ўрнига шу йил «Яшил макон» дастури бўйича янги дарахтлар экилган бўларди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров:

Янги дейиладиган даврда “Зарафшон Қўриқхонаси”нинг мақоми онгли ва мақсадли равишда “Миллий табиат боғи” даражасига туширилган. Дачалар, дам олиш зоналари қуриш, ер, шағал, қум, тош сотиш, пул ишлаб қолиш учун. Бу ишларни ниқоблаш учун шиор ҳам ўйлаб топишган: Экотуризмни ривожлантириш.

Болалиги шу боғда ўтган тойлоқлик журналист дўстим Лутфулло Турсунов ёзмоқда:

“Болалигим ўтган ўрмон. Ҳа, у пайтлари бу ер оддий чакалакзор эмас, ўрмон эди. Ноёб ва улкан дарахтлари, турли хил жониворлари, ўсимликлари бор ўрмон эди. Ўрмон хўжалигининг раҳбарлари, қоровулларини ўзлари кетма-кет ёқиб, сўнг ўтин қилиб сотиб йўқ қилди.

Шунчалик улкан тол дарахтлари бўлардики, танаси қалинлигига беш-олти боланинг қулочи етмасди. Улканлигидан, эгилган қалин шохлари устида қувлашмачоқ ўйнардик. “Аватар” кўрганларга бу эртакдек. Аммо бу ҳақиқат. Ҳозир бу дарахтлар йўқ, ваҳшийлар ўтин қилиб сотган.

Ўрмоннинг ўртасидан тиниқ чашма, халқ тилида «қора сув» оқарди. Тушликда шу сувга яримта нонни ботириб ердик. Сувга ботирган нонимнинг бир тарафидан балиқлар келиб ерди.

Булбуллар, қирғовул сайроқи, қизилиштоннинг дарахтни тақиллатиши эшитилиб турарди. Жайра, товушқонлар юрарди…”

Энди бу боғни тирилтирса бўлармикан?