“Бир кичик компания, аниқроғи агентлик ривожланаётган эди (биз ўйлаган ва ишонганимиздек) кичик ва ўрта бизнес давлат томонидан ҳимоя қилинади деган баландпарвоз гапларга ишониб, ишлаётган эди, иш ўринлари яратаётган эди, барча солиқларни тўлаб келаётган эди, ўз вақтида тўлаётган эди! ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ тўловчининг коэффициенти яшил зонада эди ва занжирдаги узилиш 0,0 ни ташкил этар эди.
Ва бугун эрталаб нимани кўряпмиз? Даромад солиғини тўлаш учун *** 000 000 сўм миқдорида аванс (дастлабки) тўловини тўлашга даъво! Дастлабки тўлов нима, уйғонинг, нима учун? Агар ўтган йилнинг охирида биз молиявий кўрсаткичларимизни озми-кўпми яхшилашга муваффақ бўлган бўлсак, бу бизда ҳар ой шундай даромад бор дегани эмас. Ишчиларнинг маоши? Ижара? Буларни қандай тўлайман? Ҳатто-ки интернет учун ҳисобимда пулим йўқ. Огоҳлантиришлар ёки бошқа билдиришномаларсиз, ҳатто учетный картада ҳам олдиндан тўловлар ҳақидаги хабар бўлмаган. Янги йилдан кейин уч ой ўтгач, йил бошидан бери деярли бир миллиард ҳисобланган! Сиз у ерда ақлдан озганмисиз? Нега ҳеч қачон битта қонунни бузмаган, ҳамма нарсани ўз вақтида тўлаган тадбиркор энди сизнинг ўзбошимчаликларингизни қоплаши керак? Сизнинг инспекторларингиз ҳар ой қўнғироқ қилишади ва у ёки бу солиқни олдиндан тўлашни талаб қилишади, бунинг ўзи қоидабузарлик, лекин биз ҳар доим вазиятга тушиб, молиявий имкониятлардан келиб чиқиб солиқ тўладик. Нега солиқлардан қочадиган қарздорларни эмас, балки виждонан ҳамма нарсани ўз вақтида тўлайдиганларни қийнайсиз?
Менда энди пул йўқ, энди ходимларимга маошларини олмасликларини қандай тушунтиришим мумкин? Пудратчиларга қандай тўлайман? Қолган ҳамма нарса ҳақида мен умуман индамай қўяй… Барча фаолият тўхтатилди, мен буюртмаларим учун пул тўлай олмайман, ижарадаги жой эгаси эртага келади, кўчишни сўрайди, чунки пул йўқ. Бир кун ичида сиз нафақат компанияни вайрон қилдингиз, балки 15 нафар ходимни ҳам ишдан маҳрум қилдингиз”.
Иқтисодчи Отабек Бакиров:
Март ойининг охирги иш ҳафтасини хусусий бизнес, айниқса унинг кичик ва ўрта сектори совуқ душ қабул қилишдан бошлади. Эрталабдан иловасини очган ёки банкдан кўчирма олган тадбиркорлар ҳисоб варақлардан солиққа аванс тарзида тийинигача ечиб олинган ёки талабномалар киритилган ва ҳисоблар картотекага ўтказиб қўйилган ёқимсиз ҳолатга рўпара бўлдилар. Кимдир ҳамкорларига шартномада келишилган пулни тўламади, кимдир энди ходимларига ойликни насия қилади. Кимдир бугун ҳисобига тушиши керак бўлган маблағни ўтказмай туришни, кимдир эса нақд ҳисоб китоб қилишни ўйлай бошлади. Ахир экономика шундай ишлайди.
Солиқ развёрсткаси, худди большевикларнинг озиқ-овқат развёрсткаси каби, фақат бир марта ютади, ундан кейинги циклларда бизнес худди деҳқонлар қизил террористлардан буғдойини яшира бошлагани сингари ёки буғдой экмай қўя қолгани каби иш тутади.
Солиқни боқайми ё ўзимга ишлайми дейди у. Солиқ энди ҳимояловчи полициячи эмас, кўча муюлишидаги қароқчи ўғри сингари гавдаланишни бошлайди.
Биз бу хаскаш бошимизга аввал урилмаганмиди? Урилганди. Яна урилмоқда. Нега? Тўғриси, билмайман.
Лекин, бунга нима туртки бўлгани биламан. Бюджетда пул топувчини ҳам, пул сарфловчини ҳам бир қўлли қилингани. У қўл эртани эмас, бугунни ўйлашга мажбур. Иқтисод ўсишдан тўхтаган, лекин харажатлардан ҳеч ким воз кечгани йўқ. Қарор қабул қилиш горизонти эса 24 соат. Қанақа мавсумийлик, қанақа молия йили, қанақа иқтисодий цикл ҳақида гапириш мумкин?
Энди нима бўлади? Билмайман. Тийиб турувчи, бузғунчи ҳаракатларни ортга қайтарувчи куч ёки истакни ҳозирча кўраётганим йўқ. Шундай экан, нима қилишни, тадбиркор бўлсангиз, ўзингиз яхши биласиз. Айниқса бир йилда тўланадиган солиқ суммаси март ойидаёқ ҳисобингиздан суғуриб олинган бўлса.
Солиқ қўмитаси: Ортиқча олинган аванслар қайтарилади
Бугун соат 13:00 га қадар ортиқча олинган бўнак маблағлари солиқ тўловчиларга қайтарилади (https://t.me/soliqnews/10532).
Қўмита мажбурий тарзда бўнак ундирилишини ўзбошимчалик деб баҳолаган.