Анъанага кўра, Рамазон ҳайити санаси Мусулмонлар идораси томонидан байрам арафасида эълон қилинади ва Президент ўзининг махсус фармони билан байрамни дам олиш куни деб эълон қилади.
Одатда муқаддас Рамазон ойи 30 кун давом этади, бироқ баъзи йилларда мусулмон қамарий тақвими ва янги ойнинг чиқишига қараб Рамазон 29 кун давом этиши мумкин.
2023 йилда муқаддас ой 23 мартдан бошланди. Одатий ҳисоб-китобларга кўра, 21 апрель рўзанинг охирги 30-куни, 22 апрель эса Рамазон ҳайити куни ҳисобланади.
2023 йил 14 март куни Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Науризбой Таганули Марказий осиё давлатлари муфтийлари, фатво соҳасига масъул олимлар билан маслаҳатлашиб, илмий тадқиқот натижаларини инобатга олган ҳолда Рамазон санаси бўйича муштарак қарорга келганини маълум қилди.
“Бу йил Рамазон ойи 23 мартда бошланади. 17 апрелдан 18 апрелга ўтар кечаси Қадр кечаси. 21 апрель – Рамазон байрами”, – деди Қозоғистон муфтийси.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарор мамлакат мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинади. Уларнинг қарори асосида президент мамлакатда байрам тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги тегишли қарорни имзолайди.
Қўшни давлатларда Рамазон Ҳайити қачон нишонланади
Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Рамазон ҳайити жорий йилнинг 21 апрелига тўғри келишини маълум қилди. Қирғизистон ва Туркманистонда уни нишонлашнинг расмий санаси ҳозирча эълон қилинмаган. Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгашига кўра, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу йил Рамазон ойи 29 кун давом этади. Хабарларга кўра, мамлакатда Рамазон ҳайити 21 апрель куни нишонланиши мумкин. Аниқ сана 18 апрель куни эълон қилинади.
Россия мусулмонлари диний идораси муфтийлар кенгаши қарорига кўра, Рамазон ҳайити жорий йилнинг 21 апрель куни нишонланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳали Рамазон ойининг санасини расман эълон қилмаган.