Пригожин исёни Путинни навбатдаги ўйиними?

Пригожиннинг исёнини “Путиннинг ўйини” дейдиганлар кўп. Одатда бундай дейиш ёки бу фикрларни қабул қилиш учун, ҳокимиятлар психологиясини тушунмаслик керак. Бу исён билан, Путин режими нақадар заиф эканлиги маълум бўлди. Путин Пригожинни энг катта жиноятларда айблади ва жазога тортишга ваъда берди. Жиноий иш қўзғатилди. Пригожин Москвага бостириб келишда давом этди. Ҳокимият қачон босқинчи билан музокара олиб боради? Чорасиз қолганда! Путин чорасиз қолди ва Пригожин билан келишишга мажбур бўлди.

Гитлер ҳам бунақа тез ва шиддат билан Москвага яқинлаша олмаган. Йўлда қанча вертолёт ва самолётни уриб туширди. Тўқнашувларда одамлар ўлди. Бутун дунёга Путин режими, худди учинчи дунёдаги беқарор давлатлардаги каби, ўта заиф ва йиқилаётган бўлиб кўринди. Москвани ҳимоя қилиш учун, хандақлар қазилди. Йўлларга техникалар жойлаштирилди.

Ҳеч бир ҳокимият, ўзини халқаро майдонда шарманда ва заиф кўрсатиш билан, «ўйин» қилмайди. Бу ҳокимиятнинг энг асосий тамойили – «мен легитимман, ҳамма менга бўйсунади, мен ҳаммани ва ҳар бир вазиятни назорат қила оламан» деган тамойилини бузди. Биламан, Ўзбекистонда Путин тарафдорлари кўп. Бу табиий. Чунки, улар 23 йил давомида Путин ахбороти билан суғорилган одамлар.

Улар Путинга шу қадар ишонадиларки, уни йиқилишини тасаввур қила олишмайди. Демак, Путинга қарши ҳар қандай исённи “ўйин” деб кўришга мойил бўлишади. Лекин, Путиннинг сиёсий умри жуда тез қисқариб бормоқда. У Киевни уч кунда олмоқчи эди. Энди, уни ўзи Россия ҳокимиятини сақлаб қолиш билан овора бўлади.

Ҳаммаси олдинда!!!

Камолиддин Раббимов