Пойтахтимизда давом этаётган “Тошкент ёшларни севади!” ойлиги доирасида турли лойиҳалар, учрашувлар, спорт тадбирлари, очиқ мулоқотлар давом этмоқда.

Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳар Ёш ўқитувчи ва олимлар кенгашининг 1-таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда 300 дан ортиқ мактаб, 50 дан зиёд профессионал таълим муассасалари ва 90 дан ортиқ олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ўқитувчилар, олимлар, тадқиқотчилар ва таянч докторантлар – жами 500 нафардан ортиқ илм эгалари иштирок этди.
Йиғилишнинг мақсади ёшларнинг илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш, илмий ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтиришдан иборат. Йиғилишда “Ёш ўқитувчи ва олимлар Кенгаши”ни ташкил қилиниб, кенгаш бошқаруви раислигига иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, Тошкент давлат иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси Шоҳрух Боймуродов сайланди. Йиғилиш сўнгида 2025 йилга мўлжалланган иш режа ва дастур лойиҳаси кўриб чиқилди.

“Очиқ эшиклар” шаклида ташкил этилган мулоқот форуми “Фан ва таълим” йўналишига бағишланди. Форумда соҳадаги ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлиги ҳақида сўз бориб, келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Мамлакатимизда 87 та давлат ва хусусий олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Форумда таълим сифати, ишлаб чиқариш жараёнлари ва ўқув муаммолари ҳақида фикрлар билдирилди. Фан ва таълимнинг замонавий касб эгаллашдаги аҳамияти, олий таълим муассасаларининг иш берувчилар билан ҳамкорлиги ва битирувчиларнинг касбга тайёрлиги масалалари гапирилди. Талабалар таълим сифатини оширишга қаратилган таклифлар билдиришди.
“Заковат арена”да ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқот “Ёшлар муаммолари” мавзусида бўлди. Форумда пойтахт ёшлари ва соҳа мутахассислари ёшларни қийнаётган муаммолар, кенг оммага муҳокама қилинаётган мавзулар ва уларнинг ечими бўйича ахборотлар берди.
Мулоқотда коррупция, ёшлар радикализми, гиёҳвандлик ва жиноятчилик каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупциянинг сабабларини ва унга қарши олиб борилаётган чора-тадбирларни тақдим этди. Ёшлар онгига зарарли ғояларни сингдиришга қарши курашиш, гиёҳвандлик, жиноятчилик бўйича мутахассислар ахборотлар беришди. Ёшлар ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришнинг аҳамияти муҳокама қилинди.

Пойтахтимиз ёшлари учун миллий медиа ва ахборот соҳасида очиқ мулоқот ҳам қизиқарли кечди. Унда Жаҳонгир Олимов, Амирхон Умаров, Хуснора Шодиева, Малика Тоирова, Жаҳонгир Хўжаев каби медиа майдонида ёшларга яхши таниш бўлган спикерлар иштирок этди.
Очиқ мулоқот давомида спикерлар томонидан ёшларга медиа-ахборот саводхонлик хусусида қизиқарли маълумотлар берилиб, керакли маслаҳатлар улашилди.
Ахборот технологиялари мутахассислари билан ўтказилган очиқ мулоқотда “Ўзбекистонда дастурчилик соҳасининг келажаги”, “Коинотни қачон забт этамиз?”, “Инновация ва ёшлар”, “Ўзбекистонда сунъий интеллектнинг ривожланиши” мавзулари бўйича соҳанинг тажрибали мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Тадбирда Ёшлар академияси раҳбари Акбархон Собирхонов, ИТ соҳасида докторлик даражасига эга бўлган ва қатор ижтимоий лойиҳаларни амалга оширган Алишер Тожиев, сунъий интеллект бўйича мутахассис Ҳикматилла Убайдуллаев, «НазарХ» тадқиқот маркази раҳбари Зиёдулла Бутахонов каби спикерлар ва бир гуруҳ ёшлар иштирок этди.
Очиқ суҳбат давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бирга, инновация, фан ва технологияларга оид қимматли маслаҳатларга ҳам эга бўлдилар.

Ёшлик талабалар шаҳарчасида “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида спортнинг стритбол ва мини футбол турлари бўйича финал баҳслари ўтказилди. Пойтахтимизда жойлашган 87 та давлат, хусусий ва хорижий олий таълим муассасалари талабаларидан иборат жамоалар мусобақанинг якуний босқичида биринчилик учун беллашишди. Тошкент давлат иқтисоиёт университети мини футбол ва стритбол баҳсларида, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қизлари эса стритболнинг қизлар ўртасидаги беллашувда ғолибликни қўлга киритди.