Ўзбекистон учун 50 эмас 20 гектар бўлаверадими?

20 апрель куни Ўш вилояти Қора-Сув туманида Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациясининг раҳбари – Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев Савай қишлоқ округидаги Интимак қишлоғи аҳолиси билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида Ташиев фуқароларга Ўзбекистон билан 50 гектар ер майдонини алмаштириш борасида барча тафсилотлар ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошиев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Тошкентда 23-25 март кунлари чегараларни делимитация қилиш бўйича музокаралар олиб борди. Натижада икки мамлакат ҳудудларни алмашиш, шу жумладан Кампир-Обод сув омбори атрофидаги 50 гектар ер майдонни алмаштириш тўғрисида протокол имзоладилар.

Аммо, халқ норозилигидан кейин у бошқа бир таклиф билан чиқди. Қирғизистон Ўзбекистонга 50 эмас, балки, 20 гектар майдон беради. Эслатиб зтамиз, дастлаб Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари протоколга риоя қилиш кераклигини айтган эди. Кейинчалик Ўзбекистон билан, хусусан, Кампир-Обод сув омбори атрофидаги ерларни алмаштириш тўғрисидаги шартномани қайта кўриб чиқишни таклиф қилинди.

Қирғизистонда 50 гектар ернинг Тошкентга берилиши юзасидан норозилик намойишлари 14 апрелдан бери давом этмоқда. Шу билан бирга, туман аҳолисининг сув омборлари ҳудудида сув ресурслари ва боқиладиган молларни тақсимлаш бўйича саволларига, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари қирғиз халқи сув ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга эканлигини, мазкур банд икки томонлама келишув тўғрисидаги протоколда аниқ кўрсатилганлигини таъкидлаб ўтган.

Қирғизлар бунга жавобан: “Протоколни денонсация қилиш керак ва сув омбори ёнидаги ердан воз кечмаслик керак” демоқда.

Халқ норозилигидан сўнг, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари яна бир таклиф билан чиқди.

“Менимча, биз буни бошқача қилишимиз мумкин – улар тўсиб қўйган 20 гектар ерни алмаштирамиз. 50 эмас, 20 гектар. Биз шу билан тийиламиз”, деди у. Ташиев, шу билан Интимак қишлоғида қолган 30 гектарни сақлаб қолиш масаласини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

Тўғри, Тошкент бундай шартларга рози бўлмаслиги мумкин.

Сизнингча, Қирғизистон Ўзбекистонни ён беришга кўндира оладими?