Бобир Оқилхонов: “Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш учун монополияни йўқотиш керак!”

Ахборот ҳамкоримиз Biz-TV онлайн телерадиоканали ижодкорлари “BIZnikilar bilan suhbat” рукнида IT соҳасида дунёга таниқли ўзбек мутахассисларидан бири Бобир Оқилхонов билан қизиқарли суҳбат уюштирибди.

Маълумот ўрнида: Бобир Оқилхонов 2016 йил буён AҚШда яшайди, бунгача эса ўн йил Aвстралияда ва олти йил Россияда яшаган. У иш фаолиятини Aвстралияда бошлаган – ижтимоий тармоқ яратган, сўнгра бир нечта лойиҳалар билан шуғулланган, у ҳақида ўша пайтда маҳаллий матбуотда ҳам ёзишган. Aлбатта, у бирданига муваффақиятга эришмаган: айрим лойиҳалар омадсиз чиққан, лекин тадбиркор омадсизлик ҳам бизнеснинг бир бўлаги деб ҳисоблайди.

– Нима учун Ўзбекистондан кетгансиз?

– Ўзбекистонда туғилиб ўсганман. Мактабимни Ракаат маҳаллада битирганман. 2000 йилда ота-онам чет элда ўқийсан деб Aвстралияга юборишган. Юртимдан кетганимга 20 йил бўлди. Орада келиб-кетиб юраман. Чунки ота-онам, қариндошларим, дўстларим Ўзбекистонда. Бир неча йилдирки, IT соҳасида бизнес қиламан. Пандемия бошланганида болаларимни масофада ўқийсан деб уйга юборишди. Ҳамма нарса ёпилди. Жамоам бутун дунёда тарқалган. Ҳаммаси масофада ишлайди. Болаларим ҳам масофада ўқиса, уйда ўтиришни нима кераги бор, деб чиқиб кетдим. 6 ойдан бери бутун Aмерика бўйлаб саёҳатда юрибмиз.

– Сиз “Forbes teg council” рўйхатига киритилган илк ўзбекистонлик тадбиркорсиз. Ўзи қандай бўлган бу? Нимага айнан сиз? Шу тўғрида гапириб берсангиз.

– Яхши савол. Технологияда жуда катта тажрибам бор, катта ишлар қилганман, десам мақтанишга кирмаса керак. Катта бир лойиҳа устида иш олиб бораётганимизда мени “Forbes teg council” га тавсия қилишди. Рози бўлдим. Мижозимни ўзи тавсия қилди. Орадан озгина вақт ўтганидан кейин алоқага чиқишди ва тегишли маълумотларни тўлдиринг, деб илтимос қилишди. Ҳаммасини тўлдирдим. Юбордим. Эсимдан ҳам чиқиб кетди. Орадан бир қанча вақт ўтгач, хат юборишди. Табриклаймиз, сиз “Forbes teg council”га қабул қилиндингиз, дейишди. Хурсанд бўлдим. Кейин қарасам, бу жамоа технологияда анча йилдан бери ишлаб келаётган одамларни шунақа йиғиб оларкан-да, кейин рухсат бераркан. Масалан, ўзим ҳам Форбесда мақолалар ёзсам бўлади. Ёки тавсиялар берсам бўлади. Шу тарзда ҳар бир технология бўйича булар мақолалар ёзишганида ҳам бизга алоқага чиқишади ва мана бу нарсани ўқиб кўринг. Нима маслаҳат бера оласиз? Қаерларида ўзгартиришлар қўя оламиз, деб маслаҳатларни сўраб туришади. Бу жуда қизиқ.

– Нима учун IT соҳасига киргансиз? Нима туртки бўлган?

– 1997 йилда дадам уйга интернет улатган. Ундан олдин уйимизда доим компьютер бўлган. Дадамнинг ўзи ҳам компьютерга қизиққан. Компьютерда ўйин ўйнашга рухсат бермасди. Лекин бориб дастурлашни ўргангин, деб айтарди. Ёшликда дастурлашга қизиқишим бўлмаган. Aммо кейин интернет биринчи очилиши билан интернетга кириб жуда қизиқиб кетдим. Шу сабабчи бўлган. Биринчи марта Ўзбекистондан туриб Aмериканинг маълумотларини олдим, Россия сайтларига кирдим. Гарчи ўша пайтларда интернет тезлиги жуда паст бўлган бўлса-да, шундан бери технология соҳасига қизиқиб кетганман ва шу соҳада фаолият юритаман.

– Ҳозирда қандай лойиҳалар устида иш олиб боряпсиз?

– Ҳозир менда Zoomга ўхшаган видео-конференция дастурим бор. Лекин буни Zoom деб очганим йўқ. Пандемиядан олдинроқ очилганди. Сал бошқачароқ концепция асосида. Менда 2020 йили инқироз бўлади, деган маълумот бор эди. Лекин буни айнан пандемия эканини билмагандим. Лекин ўшанда агар инқироз бўлса, демак одамлар масофадан ишлайди, деган фикрга келганман. Нега? Чунки кўпчилик ишсиз қолади. 2008-2009 йилларда ҳам инқироз бўлганида одамлар ишсиз қолиб кетишди-да, кейин ишга кира олишмади. Олти ойлаб, узоқ муддат! Кейин “Co-working ” марказлар ривожланиб кетди. Ҳар бир соҳа вакили ўз ишини бозорга сотишга қарор қилган…

Суҳбатни батафсил видео кўринишида томоша қилишингиз мумкин.