Санду ғалаба қозонди, Путин-чи?

Хабарингиз бор, Молдовада бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи турида собиқ бош вазир Майя Санду 57 фоиздан ортиқ овоз олиб ғалаба қозонди.

Россияпараст Игор Додонни 42 фоиздан зиёд электорат вакиллари қўллаб-қувватлаган. Унга РФнинг собиқ прокурори Чайка оиласи томонидан жалб қилинган кадрлар ва маблағлар ҳам, ФХХ линияси бўйича юборилган молиявий кўмак ва сиёсий технологиялар ҳам, қолаверса, ўзи тузган “орзулар жамоаси” ҳам ёрдам бера олмади.

Сандуни эса ушбу муваффақият билан қатор давлатлар раҳбарлари, жумладан, РФ президенти Владимир Путин ҳам табриклашга улгурди. Қутловлар йўллаш ва қабул қилиш яхши, албатта. Айниқса, самимий бўлса! Гап эса бошқа ёқда. Бугун бир қатор экспертлар Додоннинг мағлубиятини Россиянинг минтақавий сиёсатидаги мағлубияти ўлароқ эътироф этишаётир.

Сабаби, руслар Украинадан сўнг Жануби-Шарқий Европадаги яна бир “ричаг”идан айрилмоқда, дейишяпти улар. Таъкидланишича, энди Молдова Республикаси нейтрал-россияпарастлик йўналишидан узоқлашиб, Европа орбитаси томон кескин яқинлашади, руминпараст давлатга айланади.

Аммо бундай хулосага келишга ҳали эрта кўринади. Боиси, парламентдаги кучлар нисбати ҳозирча Додон фойдасига. Унинг партияси қонун чиқарувчи органда 37 та ўринга эга. 101 депутатдан бор-йўғи 14 нафари Санду тарафдорлари ҳисобланади.

Аммо янги президент парламентни тарқатиб юбориш йўлини, албатта, топажагини билдирган. Масалан, келгуси йил баҳор ёки куз арафасида депутатлар сайловлари ўтказилиши мумкин.

Кези келганда айтиш жоиз, айни пайтда молдов жамиятида собиқ иттифоқ даврида туғилган катта ёшли инсонларнинг таъсири катта. Улар эса ҳамон фироқ кайфиятида бўлиб, кўпчилиги европалашувга тиш-тирноғи билан қарши.

Шу боис Санду ўз орзусидаги интеграцияда ўта шошмаслиги аниқ. Унинг сихни ҳам, кабобни ҳам куйдириш нияти йўқ. Ахир ҳокимиятга зўрға эришди. Шунинг учун бир неча бор Москва билан мулоқотга тайёр эканлигини ошкора эълон қилди. Ва бу борадаги асосий масалаларни ҳам санаб ўтди.

Хусусан, молдовлик вино ишлаб чиқарувчилар Россия бозорида ҳамон ўз ўрнини тиклай олгани йўқ. Санду бу масалага ҳаммага бир хил имконият бериб, комплекс ёндашиш кераклигини айтиб ўтди. Додон пайтида фақатгина хос “виночи”ларга ташқи бозорларга чиқиш учун имтиёз берилган.

Шароб ўз йўлига. Лекин ҳар икки томонни ҳар хил маънода ташвишга солаётган асосий масала бу — Днестрбўйидаги россиялик тинчликпарвар кучлар билан боғлиқ. Санду мамлакати учун оғриқли бўлган ушбу масала бўйича ҳам мулоқотни фаоллаштиришга ваъда берган. У тинчликпарварлар фақатгина Россиядан эмас, бир нечта давлатдан бўлиши керак, деган фикрда. Шундай пайтда Тоғли Қорабоғнинг келажаги ҳақида ўйлагинг келади.

Хуллас, Майя хоним учун сиёсат энди Додон каби фақат Россиядан иборат бўлмайди. У кўп қиррали ташқи сиёсатни танлаб, нафақат Москва, балки Киев, айниқса Бухарест билан алоқаларни ривожлантирмоқчи.

Расмий Кремль ҳам Молдованинг исталган президенти билан ишлашга тайёр эканлигини, аммо улар томонидан танланган устуворликлар сиёсат сифати ҳамда шиддатига таъсир қилиши мумкинлигини билдирган.

Майя Санду аслида ким ўзи?

Қуйида у ҳақидаги энг муҳим фактларни қисқача келтириб ўтмоқчимиз:

  • Майя Санду 1972 йилда Молдованинг Фалештида дунёга келган. Мутахассислиги бўйича иқтисодчи. 2010 йилда Жон Кеннеди номидаги Гарвад давлат бошқаруви институтини тамомлаган. 2012 йилгача Вашингтонда Жаҳон банки ижрочи директори маслаҳатчиси бўлиб ҳам ишлаган.

Шу йили ўз мамлакатида ҳукуматни шакллантирган Либерал-демократлар партияси таклифига кўра, Кишинёвга қайтиб, таълим вазири лавозимига тайинланган. Мазкур даврда миллий имтиҳонларни ўтказиш бўйича янги регламент қабул қилинган. Тилларни ўргатиш тартиби ўзгартирилган. Хусусан, рус тилини ўқитиш факультатив даражагача туширилган.

“Мен ҳаммага шу нарса тушунарли бўлишини истардим: мен учун инсон ҳуқуқлари энг муҳими… Ҳеч ким рус тилига қарши ҳеч нарса қилмоқчи эмас”, — дея муносабат билдирган бунга у.

Санду евроинтеграция тарафдоридир. Унинг фикрича, ривожланишнинг европача модели Молдовага энг яқини ҳисобланади. У 2015 йилда ўзининг “Майя Санду билан қадам ташла” партиясини тузиб, кейинчалик номини “Ҳаракат ва бирдамлик” дея ўзгартирди. 2016 йилда ҳам айнан шу партиядан номзод сифатида қатнашган, бироқ иккинчи турда Додонга ютқазиб қўйганди.

2019 йилда ярим йил бош вазирлик ҳам қилган. Шундай қилиб Молдова сиёсатини демократлар ва бошқа партиялар воситасида кўп йиллар давомида бошқариб келган бизнесмен ҳамда олигарх Владимир Плахотнюк ҳукмронлигига чек қўйилганди.

Криминал тарихга эга сиёсатчи эса ўзига нисбатан жиноий иш қўзғатилишидан қўрқиб, хорижга қочиб кетган (сўнгги маълумотларга кўра, унинг таъсири ҳамон ўз мамлакатида сақланиб қолгани учун шу кунларда Москва у билан мулоқотни қайта тиклаган).

«Қўшниларимиз — Украина ва Руминия, барча ҳамкорларимиз гаплашишни хоҳлайдиган президент керак», — дея бежиз таъкидламаганди Санду сайловдан олдин.

«Де-факто Қрим Россияга тегишли. Юридик жиҳатдан эса тан олинмаган», — деганди у 2016 йил. У Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини алоҳида қайд этган.

Сандунинг фикрича, Молдова ва Украина битта геосиёсий боғламда жойлашган.  У Россия билан алоқаларни, хусусан, РФда яшаётган фуқаролар фаровонлиги учун ҳам ривожлантириш зарур, деб ҳисоблайди. Санду халқи номидан ва унинг манфаатлари учун Путин билан юзма-юз учрашишга тайёр эканлигини кўп бор айтиб келади.

Майя хоним турмушга чиқмаган. Кишинёвдаги 74 кв.м.ли икки хонали квартирасида яшайди. У сайловдан олдин агар президентликка сайланса ҳам, давлат маблағларини сарфламаслик учун ушбу уйидан кетмаслигини маълум қилганди.

Тихановскаядан фарқли равишда Санду мақсадига эришди. Зеленскийга ўхшаб давлат қароргоҳига кўчиб ўтмасликка ваъда берди. Аммо Лукашенко президент бўлди, Зеленский қимматбаҳо дала ҳовлига кўчиб ўтди. Сандуни эса сўз одами дейишади. Кўрамиз.

Ахборот ҳамкоримиз @platformauzb телеграм каналидан олинди