Белоруссия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мамлакатдаги энг йирик Tut.by нашри журналисти Катерина Борисевични ҳибсга олди.
19 ноябрь куни кечқурун Борисевич уйидан дўконга чиқиб кетган ва у билан алоқа йўқолган. Бироз вақт ўтгач, у хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамроҳлигида уйга қайтган. Маҳаллий вақт билан кечки соат 7 да оддий кийимда ва ниқоб кийган шахслар журналистни КГБ тергов изоляторига олиб кетганлар. Борисевичнинг қизи квартирада тинтув ўтказилганини ва хавфсизлик кучлари ноутбукни олиб кетишганини айтди.

Tut.by маълумотларига кўра, Катерина Борисевич Минскда ҳибсга олинганидан кўп ўтмай 12 ноябрь куни вафот этган рассом Роман Бондаренко ўлимидан олдин маст бўлмаганлиги ҳақида материал тайёрлаётган бўлган.
Бондаренко «Тихари» (фуқаролик кийимидаги, хавфсизлик хизмати ходимлари кўмагида ҳаракат қиладиган шахслар) томонидан қаттиқ калтакланганидан кейин вафот этган.
Роман Бондаренко вафотидан кейин Белоруссия Тергов қўмитаси ва Александр Лукашенко Бондаренко маст бўлган деб даъво қилишган, аммо исми ошкор этилмаган шифокор Tut.by га бу ҳақиқат эмаслигини айтган.
19 ноябрь куни Белорусия Бош прокуратураси Tut.by вакилларига Роман Бондаренконинг тиббий кўрик натижалари тўғрисида хабардор қилган шифокорга қарши жиноий иш қўзғатганини эълон қилди. Иш тиббий сирни ошкор қилиш моддаси билан қўзғатилган. Прокуратура ҳибсга олинганларнинг сонини кўрсатмасдан, “гумонланувчилар ҳибсга олинган” деб айтди.
Роман Бондаренко вафотидан кейин Минскда унинг хотирасига бағишланган бир нечта намойишлар бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари хотира тадбирларида иштирок этган инсонларни ҳибсга олган.