Акция давомида топширилган қон препаратлари Онкология ва гематология марказларида даволанаётган болалар учун беғараз берилади ҳамда улар учун қўшимча яна 100 дан ортиқ албумин дори воситалари ажратилади.
Акция ҳақида озроқ тўхталиб ўтсак, мамлакатимизда беғараз донорликни кенг тарғиб қилиш, ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда улар ўртасида соғлом турмуш тарзини олиб бориш мақсадида жорий йилнинг 1 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳарларидаги Қон қуйиш марказларида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Эзгулик албатта қайтади” шиори остидаги “Мен – донорман” ҳайрия қон топшириш акцияси ташкил этилади.
Агарда сизда ҳам мазкур акцияда иштирок этиш иштиёқи пайдо бўлган бўлса унда марҳамат ҳайрияда иштирок этшингиз мумкин:
Донорлик тартиби:
– 18 – 60 ёшгача бўлган фуқаролар (паспорт билан),
– 1 кун аввал аччиқ, шўр маҳсулотлар, спиртли, газли яхна ичимликлар, эрталабки нонуштада тухум, ёғ, сут истеъмол қилмаслиги,
– сариқ касалга чалинмаган, Д рўйхатда турмаслиги лозим.
Акцияда сиз ҳам фаол иштирок этинг! Унутманг сизнинг бу эзгу амалингиз бир беморнинг ҳаёти учун муҳимдир!!!
Мазкур акция жорий йилда иккинчи бор ўтказилмоқда. 2020 йилнинг февраль ойида ўтказилган ҳайрия ишларида Ёшлар иттифоқи, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилиб жами 3908 нафар шахс иштирок этган ҳамда 3 кун давом этган акция натижасида бемор болалар учун 1557 литр қон йиғилган эди.
2019 йилда эса 2067 нафар кўнгилли ёшлар томонидан 826,8 литр қон ва 60 дона албумин дори воситалари топширилган.