Туркманистон диний эркинлик бузилиши бўйича биринчилар сафида

Диний эркинлик бузилиши бўйича АҚШ Давлат департаментининг баёнотида Туркманистон хавотирли мамлакатлар ўнталигига киради дейилган.

“Қўшма Штатлар 1998 йилги Халқаро диний эркинликлар тўғрисидаги қонун таърифларига биноан, Бирма, Хитой, Эритрея, Эрон, Нигерия, КХДР, Покистон, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Туркманистонни алоҳида ташвиш уйғотадиган  ёки “диний эркинликни мунтазам, доимий равишда, қўпол равишда бузиш”дан азият чекаётган мамлакатлар деб қарайди, – деди АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Комор ороллари, Куба, Никарагуа ва Россия ҳукуматлари эса “диний эркинлик жиддий равишда бузилган” давлатлар сифатида “кузатувчи давлатлар” рўйхатига киритилган.

Давлат котибининг сўзларига кўра, Судан ва Ўзбекистон “ўтган йили ҳукуматлар томонидан эришилган муҳим ютуқлари” асосида махсус “кузатилувчи давлатлар” рўйхатидан чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, бир йил олдин Давлат департаменти фуқароларнинг дин эркинлигини доимий равишда қўпол равишда бузаётганлиги сабабли Туркманистонни алоҳида ташвишга соладиган мамлакатлар қаторига киритган эди.