Материални яхши хабардан бошласак, бундан аввалроқ “Жаҳон банки 2021-22 йилларга мўлжалланган иқтисодий ўсиш прогнозини эълон қилганида, Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистон учун иқтисодий ўсиш прогноз қилинган эди. Бироқ бу ўсишнинг асосий шарти – Ковидга қарши эмлашнинг муваффақияти билан белгиланган эди.”
Афсусланарлиги шундаки, Халқаро валюта фондининг маълумотларига кўра, 2020 йилда даромадлар тенгсизлиги аввалги молиявий-иқтисодий инқирозлар даврига нисбатан кескин ўсган. «Пандемия» кўплаб мамлакатлар ўртасидаги тенгсизликни янада кучайтирди, ривожланаётган мамлакатларнинг тенгсизликни камайтириш бўйича амалга ошириб келаётган ислоҳотларини ва ўнлаб йиллар давомида эришган ютуқларини бекор қилиб юборди.
Бундан ташқари, ишчилар синфининг энг заиф қатламларини иш билан таъминлаган “яширин” иқтисодиёт катта зарар кўрди. Дунё бўйлаб қарийб 2 миллиард киши норасмий равишда ижтимоий ҳимоя ёки имтиёзлардан фойдаланиш имконияти чекланган ҳолда ишлайди.
2022 йилга келиб, «пандемия» таъсири остида 150 миллион киши қўшимча равишда қашшоқликка учрайди, дея тахмин қилмоқда Жаҳон банки таҳлилчилари.
Бироқ, бутун дунё пандемиянинг иқтисодий оқибатлари билан курашар экан, Хитойнинг жаҳон бозоридаги улуши технологик саноат ва шахсий ҳимоя воситалари савдоси ортидан тобора ўсиб бормоқда.
Пандемия Марказий Осиёнинг аввалдан иқтисодий заиф мамлакатлари учун ижтимоий-иқтисодий фалокатга айланди.
Минтақадаги энг оғир дамлардан бўлган бундай вазиятда ёрдам бериш ўрнига, қўшни Россия ва Хитой, айниқса Қирғизистондаги вазиятни янада оғирлаштирди, дейди кузатувчилар.
Нафақат Қирғизистон балки, минтақадаги Тожикистон ҳам иқтисодий аҳволи яхши эмас.

Марказий Осиёдаги пандемия айниқса кичик бизнес эгалари, (фаррошлар, сартарошлар каби) норасмий ишчилар ва аёлларни қийин аҳволда қолдирди, деган эди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) тараққиёт дастури мутахассиси Михаил Пелиа декабр ойида.
БМТга кўра, 2020 йилда Марказий Осиёдаги экспорт ҳажми 24 фоизга пасайган.
Марказий Осиёнинг иқтисодий двигатели бўлган Қозоғистон нефтнинг арзонлашувидан зарар кўрган бўлса, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон каби бошқа давлатларда Россиядаги мигрантлардан келиб тушадиган пул ўтказмалари миқдори камайган.
Мигрантлар ўз уйларига юборадиган оз миқдордаги пул ўтказмалари Қирғизистон ва Тожикистон ЯИМнинг учдан бирини ташкил этади. БМТга кўра, бу давлатлар хориждан келадиган пул жўнатмаларига қарам бўлган дунёдаги беш мамлакат сирасига киради.
Пандемиядан энг кўп зарар кўрган мамлакатлардан бири – Қирғизистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2020 йилнинг биринчи ярмида 5 фоиздан кўпроққа камайган, деб хабар беради 24.kg нашри.
Жуда зарур бўлган ташқи моддий ёрдам
Тарихдаги оғир ва мисли кўрилмаган бу паллада Марказий Осиёга моддий ёрдам жуда зарур эди. Айниқса, минтақа билан иқтисодий боғланган қўшни Россия ва Хитойдан ёрдам келиши кутилган эди.
Аммо, кўп йиллардан бери Марказий Осиё мамлакатлари билан мустаҳкам дўстона муносабатлар, биродарлик алоқалари ва ўзаро қувватловни таъкидлаб келган Москва ва Пекиннинг сиёсий қарорлари фавқулодда вазиятда ёрдамдан кўра кўпроқ зарар келтиргани тасдиқланди.
Баҳорда Россиядан меҳнат мигрантларининг ёппасига қайтиб келиши Қирғизистонда ишсизликни кучайтирди. Пандемия сабабли жорий қилинган карантин чоралари ортидан ишсиз қолган минглаб меҳнаткашлар Россияда қола олмадилар. Россия авиакомпанияларининг рейсларни бекор қилиши ва чипта пулларини қайтаришдан бош тортиши оқибатида уларнинг кўпчилиги пулсиз қолган.
Қирғизларнинг меҳнат миграциясига боғлиқлиги Москва учун Қирғизистонга босим ўтказиш воситаси бўлиб хизмат қилади, дейди бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиева.
«[Россия президенти Владимир] Путин Қирғизистон Россиядан келиб тушадиган пул ўтказмаларига қанчалик қарамлигини билади», деди у. «У қирғиз мигрантлари учун меҳнат шароитларини оғирлаштириш билан босим ўтказиши мумкин», деб қўшимча қилди у.
«Ўтган йил март ойида юзага келган вазият мамлакатимиз учун бундай чоралар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигига мисол бўла олади.»

Шафқатсиз Хитой
Хитой режими ҳам Қирғизистоннинг мусибатига ўз ҳиссасини қўшди.
COVID-19 билан боғлиқ касалланиш ва ўлим ҳолатларининг кўпайиши, қашшоқликнинг кучайиши фонида ички ижтимоий-иқтисодий муаммоларига эътибор қаратиш билан бир қаторда, Бишкек олдида ташқи қарзларини тўлаш масъулияти ҳам бор эди.
Қирғизистон молия вазирлигига кўра, ўтган йилнинг июн ойи ҳолатига Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган, шундан 1,8 миллиард АҚШ доллари Хитойнинг Экспорт-импорт банки олдидаги қарздир.
Хитой Қирғизистоннинг энг йирик кредитори ҳисобланади. 2020 йилда Бишкек бир неча маротаба Пекиндан «Қирғизистоннинг Хитой олдидаги ташқи қарзи бўйича тўловларни енгиллаштириш ва тўлов муддатини узайтиришни» сўраган.
Пекин бу илтимосни рад этган.
Кузатувчиларга кўра, Пекиннинг муросасизлиги Хитой учун манфаатли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун қирғизларга босим ўтказиш имконини беради.