Хитойга ташриф буюрган ЖССТ ходимлари бугун иш бошлайди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари коронавирус келиб чиқишини ўрганиш учун шаҳарга ташриф буюрганларидан кейин Пекиннинг сўнгги ҳафталардаги фаолияти янада шошилинч тус олди.

Хитой ҳукумати жорий ой бошидаги ташрифига тўсқинлик қилганидан кейин 13 нафар олимдан иборат халқаро жамоа 14 январ куни Уханга етиб келган ва пайшанба (28 январ) куни 14 кунлик карантиндан чиқиши кутилмоқда.

ЖССТ Уханда ўз ишини олиб борар экан, шаҳарда коронавирусдан вафот этганларнинг яқинлари Хитой ҳукумати уларнинг ижтимоий тармоқдаги гуруҳларини ўчириб юборгани ва сукут сақлашлари учун босим ўтказаётганини айтганлар.

Ўтган йили WeChat ижтимоий тармоғи платформасида 80 дан 100 га қадар оилалар вакиллари томонидан фойдаланиб келинган гуруҳ 10 кун аввал тўсатдан ўчириб юборилган. Бу ҳақда чоршанба куни гуруҳ аъзоси ва пандемия назоратининг қатъий танқидчиси Чжан Хай маълум қилган.

«Бу Хитой расмийларининг жуда асабий экани, мазкур оилаларнинг ЖССТ мутахассислари билан алоқага чиқишидан қўрқишини кўрсатади», деб айтган 51 яшар Чжан. Унинг COVID-19га чалинишда гумон қилинган отаси пандемиянинг бошида вафот этган.

«ЖССТ Уханга етиб келганда ҳукумат учта гуруҳни мажбуран ўчириб ташлаган. Натижада кўп аъзолар билан алоқани йўқотдик», деб қўшимча қилган у.

Қолган қариндошлар ҳам гуруҳнинг ўчирилганини тасдиқлаганлар.

Яна бир оила аъзоси, нафақахўр ўтган йил январ ойида қизи вирусдан ўлгани ҳақида, ўтган ҳафта ҳукуматдан чақириб «ОАВлар билан гаплашмаслик ва маълумотлардан бошқалар фойдаланмаслиги» ҳақида огоҳлантирилганини AFP нашрига сўзлаб берган.

Сешанба куни унинг уйига келган расмийлар «ўша эски ашулани айтиб, менга «ҳамдардлик тўлови» сифатида 5000 юан (775 доллар) бериб кетишди», деб қўшимча қилди у ўз исмини ошкор этмасликни сўраб.

Расмий тўсқинлик

Қурбонларнинг қариндошлари Ухань ва Хубей маҳаллий ҳокимиятларини 2019 йил декабрида COVID-19 вируси илк бор тарқаганида касалликни яшириш билан уни назоратдан чиқариб юборганликда, жамоатчиликни огоҳлантирмаганлик ва жавоб чоралари кўрмаганликда айбламоқдалар.

Хитой расмийларига кўра, COVID-19 вируси Уханда 3900 киши ҳаётига зомин бўлган, бу мазкур ҳудудда вафот этган 4636 нафар беморнинг аксарият қисмини ташкил қилади.

Қурбонларнинг аксар қариндошлари бу рақамларга ишонмайди, уларга кўра, вирус тарқаган илк кунларда тестлар етишмагани сабаб кўпчилик касаллиги тасдиқланмай вафот этган бўлиши мумкин.

Ҳозирга келиб, касалликдан дунё бўйлаб икки миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Хитой ҳукумати бутун дунёда гуманитар ва иқтисодий ҳалокатга сабаб бўлган вирусни ҳеч қандай исботсиз бошқа жойда пайдо бўлганини даъво қилиш билан даҳшатли айбни ўз зиммасига олмаслик йўлини изламоқда.

Хитой Компартияси унинг ҳокимиятини ёмон қилиб кўрсатувчи ҳар қандай ахборотни бостиради. Эпидемия тарқалишининг илк кунлари ҳали ҳам Хитой учун нозик мавзу бўлиб қолмоқда.

Вирус кўршапалаклардан келиб чиққан ва Ухандаги ёввойи ҳайвонлар гўшти сотиладиган денгиз маҳсулотлари бозоридан тарқаган, деб ишонилади.

Пекиннинг махфийлик, дезинформация ва кечиктириш тарихини ҳисобга олган ҳолда ЖССТ жамоаси қанча нарсани очиқлаши номаълум ва ноаниқлигича қолмоқда.